Миллий марказ фаолияти – «Fuqaro muhofazasi» журнали эътиборида

Яқинда «Fuqaro muhofazasi» журналининг 2025 йил май ойидаги 5 (71)-сони мутолаа учун кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. Журналнинг ушбу сони саҳифаларида эълон қилинган «Академик ва ёшлар учрашуви» сарлавҳали мақолада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг жорий йил 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида“Академик ва ёшлар” мавзусидаги учрашувда иштирок этгани ҳақида сўз боради.

Мақолада қайд этилганидек, мулоқот асносида академик А.Саидов бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатлари қатори мамлакатимизда ҳам таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантиришга биринчи галдаги вазифа сифатида қаралаётганини уқтирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти  Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.

Учрашув якунида А.Саидов томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг Ахборот-ресурс марказига 100 дан ортиқ китоб беғараз асосда тақдим этилди. Ўз навбатида, ҳуқуқшунос олимга Фавқулодда вазиятлар вазири ва Академия бошлиғининг эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди. Академик А.Саидов Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг “Фахрий меҳмонлар китоби”га эсдалик дастхати ёзиб қолдирди.

Маълумот учун: кейинги вақтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг ўзаро ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланяпти. Бунда 2025 йил 18 апрелда икки ташкилот ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзолангани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, шу йил 22 май куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида Миллий марказ билан ҳамкорликда “Фавқулодда вазиятлар ва инсон ҳуқуқлари: муаммо ва ечимлар” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.  

Шунингдек, 14 июнда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида ўтказилган битирувчи курсантларга диплом ва “лейтенант” ҳарбий унвонини топшириш тантанали тадбирида Миллий марказ директори, академик А. Саидов иштирок этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

«Fuqaro muhofazasi» журналининг 2025 йил май ойидаги 5 (71)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech