26 июнь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида жойлашган В.Яковлев номидаги Урал давлат юридик университетида "С.Алексеевнинг ҳуқуқ ҳақидаги таълимоти: қисқача илмий таржимаи ҳоли" номли монографиянинг оммавий муҳокамаси бўлиб ўтди. Монография муаллифи юридик фанлар доктори, профессор, Гуманитар университет юридик факультети декани, Россия Федерацияси Олий касбий таълимнинг фахрий ходими Алексей Павлович Семитко ҳисобланади.
Тадбир видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда онлайн ва офлайн шаклда ўтказилди. Унда ҳуқуқ назарияси соҳасидаги етакчи маҳаллий ва хорижий олимлар, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари вакиллари, амалиётчи ҳуқуқшунослар иштирок этди.
Муҳокама аввалида Урал давлат юридик университетининг илмий ишлар ва стратегик ривожланиш бўйича проректори, профессор А.Винницский, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги С.Алексеев номидаги Хусусий ҳуқуқ тадқиқот маркази тижорат ҳуқуқи ва жараёни кафедраси мудири А.Алексеева, шунингдек, тадбир модератори – Урал давлат юридик университетининг Давлат ва ҳуқуқ назарияси кафедраси мудири, профессор Д.Грибанов сўзга чиқди.
Тадбирнинг асосий қисмида монография муаллифи – профессор А.Семитко китобни тақдим этар экан, асардаги асосий ғоялар ва илмий йўналишларга батафсил тўхталди. Россия Фанлар академияси мухбир- аъзоси С.Алексеевнинг мамлакат ҳуқуқ фани ривожига қўшган ҳиссаси, унинг назарий мероси ва ҳуқуқни замонавий тушуниш нуқтаи назаридан тутган аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик, Россия Фанлар академиясининг хорижий аъзоси А.Саидов тақдим этилган монографиянинг илмий-методологик даражасига юқори баҳо бериб, С. Алексеевнинг асарлари инсонпарвар ва ҳуқуқий давлатни шакллантириш йўллидаги ёрқин маёқ эканлигини таъкидлади. Ўзбек ҳуқуқшуноси глобал муаммолар ва ҳуқуқий тизимларнинг ўзгариши шароитида С.Алексеев асарларида талқин қилинган ҳуқуқ устуворлиги ғояси алоҳида долзарблик касб этаётганини қайд этди.
Муҳокамаларда Россия ҳуқуқ фанининг етакчи вакиллари – О.Кутафин номидаги Москва давлат юридик университети, Санкт-Петербург давлат университети, Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқшунослик институти, Лобачевский номидаги Нижний Новгород университети, Байкал давлат университети, Россия Фанлар академияси Урал бўлимининг илмий-тадқиқот институти – Фалсафа ва ҳуқуқ институти ҳамда бошқа муассасалар олимлари иштирок этдилар.
Тадбир давомида эксперт томонидан профессор С. Алексеевнинг илмий мероси муносиб баҳоланди. Олимнинг замонавий ҳуқуқ тушунчаси бўйича изланишлари, умуман, юридик назария ва амалий қонунчилик тараққиётига кўрсатган ижобий таъсири юзасидан бир қатор фикр ва тавсиялар билдирилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.06.2025
- Кўришлар: 462
- Чоп этиш