ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН БУНЁДКОР ЁШЛАРИ – ЯНГИ ТАРИХ ЯРАТАДИГАН ОЛТИН АВЛОД

30 июнь – Ёшлар куни

 

“Катта-катта давлатлар, дунёнинг энг нуфузли компаниялари бугун бизга нега ишонмоқда? Нега миллиардлаб доллар инвестиция киритмоқда? Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки, ҳамкорларимиз ёшларимизнинг илм-фан, таълим, IT, маданият, санъат ва спортдаги ютуқларини кўриб, салоҳиятимизга баҳо бермоқда, эртанги кунимиз пойдевори мустаҳкам эканига ишонч ҳосил қилмоқда”.

Бу фикрлар 2025 йил 30 июнь – Ёшлар кунида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан учрашувидаги нутқида таъкидланди. Давлатимиз раҳбари шу куни иқтидорли ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг инновация, "яшил" иқтисодиёт, креатив саноат, тадбиркорлик ва IT соҳаларидаги илғор ишланмалари ва ютуқлари билан танишди.  

Бундан саккиз йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 30 июнь санаси мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Биргина шу далилнинг ўзи ҳам кейинги даврда юртимизда ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётганини яққол тасдиқлайди.

Ёшлар куни байрами муносабати билан давлатимиз раҳбарининг навқирон авлод пешқадам вакилларини тақдирлашга оид фармон ва қарорлари эълон қилиниши яхши анъанага айланди. Бунда асосан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда алоҳида фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва қобилияти, интилувчанлиги, ташаббускорлиги ва самарали меҳнати билан юртимиз тараққиётини юксалтириш, жонажон Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган йигит-мукофотланаётгани таҳсинга сазовор.

Президент Шавкат Мирзиёев навқирон авлод вакиллари билан бу галги учрашуви асносида ҳам бир гуруҳ йигит-қизларга давлат мукофотларини топширди. Тадбир давомида ёшларни қўллаб-қувватлаш, салоҳияти ва иқтидорини юзага чиқариш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди, мамлакатнинг эртанги кунини белгилашга қодир ғоялар ва ечимлар тақдим этилди.

Ёшларга оид ислоҳотларни халқаро ҳамжамият ҳам кенг эътироф этаётгани таъкидлангани алоҳида аҳамиятга моликдир. Бинобарин, Ўзбекистон БМТнинг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига киргани,  “Ёшлар тараққиёт индекси”да мамлакатимиз ёшлар сиёсати соҳасида энг тез суръатлар билан ривожланаётган давлат, деб топилгани, Бухоро шаҳри Туркий дунё ёшлари пойтахти, Тошкент шаҳри МДҲ ёшлари пойтахти мақомини олгани – буларнинг барчаси ана шу халқаро эътироф асосларидир.

Шу кунларда юртимизда ўтказилаётган Глобал ёшлар фестивалида 30 дан ортиқ давлатдан келган 300 нафардан зиёд ёшлар, 10 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилот вакиллари иштирок этаётгани ҳам жуда муҳим. Президент ушбу Форум нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё ёшлари учун самарали ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.

Ҳақиқатан ҳам, ёшлар масаласи ҳар доим давлатимиз сиёсати даражасидаги муҳим масала бўлиб келган. Сўнгги йилларда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш учун ҳар бир ҳудудда зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат.

БМТ Бош Ассамблеяси 1999 йил 17 декабрдаги 54/120-сонли резолюция билан Халқаро ёшлар масаласи билан шуғулланувчи вазирлар конференциясининг 12 августни – Халқаро ёшлар куни деб эълон қилиш ҳақидаги тавсиясини маъқуллаган. Ушбу кунда жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътибори ёшларга оид масалаларга яна бир бор қаратилади.

Эслатиб ўтамиз, миллий қонунчилигимизга кўра 30 июнь –Ўзбекистонда Ёшлар куни этиб белгиланган. Шунингдек, 2020 йил 30 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи – Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари тузилгани, Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилгани ҳам юртимизда соҳа ривожи сари қўйилган йирик амалий қадамлар бўлди. Янада муҳими, икки йиллик конституциявий ислоҳот натижаларидир.

Кейинги йилларда ёшларга оид 100 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Олий таълим муассасалари сони 3 баробарга оширилиб, ёшларнинг олий таълим билан қамраб олиниши 42 фоизга етган. Хотин-қизлар учун шартнома тўловларини давлат томонидан қоплаб бериш амалиёти жорий қилиниши натижасида, уларнинг олий таълимдаги иштироки 11 баробарга ошган.

Шунингдек, 1,5 мингдан ортиқ иқтидорли ёшлар дунёнинг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда. Сўнгги етти йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 2,3 минг ёшлар хорижда ўқиш имкониятига эга бўлди. Илмий даражага эга ёш олимлар сони 4 мингдан ошиб, 2 баробарга кўпайди. Ёш олимлар умумий сони қарийб 11 мингни ташкил этмоқда.

Мамлакатимиз бошқа соҳалар қатори нуфус жиҳатидан ҳам, меҳнатга лаёқатли ёшларнинг кўплиги нуқтаи назардан ҳам катта давлатга айланмоқда. Юртимиз аҳолиси 2040 йилга бориб 50 миллионга етиши, жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилиши кутилмоқда.

Ёшларимизга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим. Шу маънода, айни масаланинг ечими ҳам мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор – Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясини қабул қилишни тақозо этди.

Шу ўринда, аввало, Асосий қонунимизнинг алоҳида боби – ХIV боб “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланганига ҳамда ундан ёшларга оид қатор нормалар ўрин олганига эътибор қаратиш даркор. Бундай янгича ёндашув, шубҳасиз, Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигидан яққол далолатдир.

Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат томонидан ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштироки рағбатлантирилиши кафолатлаб қўйилди. Конституциямизнинг 79-моддаси биринчи бандида қайд этилганидек: “Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик  ҳуқуқлари  ҳимоя  қилинишини  таъминлайди,  уларнинг  жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради”.

Бош қомусимизда, шунингдек, давлат ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, халқнинг бой маданий меросидан фахрланиш, ватанпарварлик туйғулари шаклланишига ғамхўрлик қилиши белгиланди. Бу ҳақда Конституциянинг 78-моддаси тўртинчи бандида шундай дейилган: “Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни,  мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади”.

Яна бир муҳим янгилик: ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида Асосий қонунга киритилди. Конституциянинг 79-моддаси иккинчи бандига кўра: “Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади”.

Янги таҳрирдаги Конституциядан илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифаси этиб белгиланганини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Таълимга оид нормалар 50,51 ва 52-моддаларда ўз аксини топди.    

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституциянинг 53-моддаси биринчи бандида: “Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан  фойдаланиш  ҳуқуқи  кафолатланади.  Интеллектуал  мулк қонун билан муҳофаза қилинади”, деб таъкидланган. Зеро, интеллектуал салоҳиятини юқори, дунёқараши кенг, мустақил фикрлайдиган авлодни вояга етказиш ва тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат ёшларга ғамхўрлик масаласида ўз зиммасига ғоят муҳим мажбуриятларни олгани алоҳида диққатни тортади. Энг асосийси, мазкур конституциявий нормалар нафақат Ўзбекистон ёшлари манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун ниҳоятда аҳамиятлидир.

Ёш авлод ҳақида ғамхўрлик кўрсатилар экан, аввало улар бизнинг таянчимиз ва эртанги келажагимизнинг давомчилари эканлиги, ёшларга оид қонунчилик тизимини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш қулай ҳуқуқий ва ташкилий иқтисодий имкониятлар барпо қилиш, уларнинг касб-ҳунар ўрганишлари, меҳнат қилишлари, эркин ижод қилишлари учун барча шароитларни яратиш ишлари диққат марказимизда туради.

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи келажак авлодга, юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қаралаётгани бежиз эмас.

Шундай қилиб, давлатимиз раҳбари юртимиз ёшларига қарата айтганларидек, “Биринчи ва иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда. Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз. Сизлар Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз!”

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech