3 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини Ўзбекистон Республикасида амалга ошириш бўйича 2026-2030 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси” лойиҳасини ишлаб чиқишга бағишланган семинар ўтказилди. Тадбир ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинарнинг очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича таҳлил ва тадқиқотлар бўлими етакчи мутахассиси Адҳам Муҳрумбоев, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Сабине Маҳл (online), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходими Беҳзодбек Абдуҳакимов, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раҳбари Ойбек Исаков сўзга чиқди.
Семинарда давлат органлари ходимлари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари хамда халқаро экспертлар иштирок этди.
Семинар давомида Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раҳбари Ойбек Исаков, “Қуёшли Олам” ННТ рахбари Шаҳноза Икрамова ва “Шароит Плюс” ННТ рахбари Муҳаббат Раҳимова Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси учун ишлаб чиқилган таклифлар тақдимотини намойиш этдилар.
Тақдимот муҳокамаси асносида бир қатор амалий таклифлар билдирилди. Хусусан:
- ногиронлиги бўлган шахслар учун имкониятлар марказини очиш;
- БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини назорат қилиш бўйича алоҳида давлат органи ташкил қилиш;
- ҳар бир қонун лойиҳаси ногиронлиги бўлган шахслар томонидан мажбурий экспертизадан ўтказилишини йўлга қўйиш;
- Конвенциянинг Факультатив протоколини қабул қилиш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Тадбир якунида иштирокчилар мазкур соҳада ҳамкорликни давом эттириш ва ташаббусни янада ривожлантириш зарурлигини қайд этдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.07.2025
- Кўришлар: 647
- Чоп этиш