Ўзбекистон Республикаси Президенти 2025 йил 25 июлда “Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни қабул қилди. Фармонга асосан, ижро интизомини самарали ташкил этишда давлат органлари раҳбарларининг масъулияти янада оширилади.
Фармонга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари, ҳамда бошқа ташкилотларда ижро интизомини ташкил этишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
-
Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг самарали механизмларини жорий қилиш;
-
ҳудудларда ислоҳотлар натижадорлигини ўрганиш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш ишларини сифатли ташкил этиш;
-
давлат органлари ва ташкилотларда ижрони ташкил этишда биринчи раҳбарларнинг масъулиятини ошириш;
-
ижро интизомини назорат қилиш жараёнларига сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш.
Фармон билан Ҳисоб палатасига қўшимча вазифалар, жумладан:
-
Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини ўрганиш билан бирга уларнинг аҳоли ҳамда тадбиркорлар учун самарадорлигини таҳлил қилиш;
-
ижро интизомини мустаҳкамлашга, мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини оширишга, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижаларига эришишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
-
қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро этилиши юзасидан давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш юклатилди.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг қисқартириладиган штат бирликлари ҳисобидан Ҳисоб палатасига қўшимча 10 та бошқарув штат бирлиги ажратилади.
Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомига масъул таркибий бўлинмалар алоҳида тузилма сифатида бевосита биринчи раҳбарлар бўйсунувига ўтказилади.
Давлат органлари ва ташкилотларнинг ижро интизомига масъул тузилмаси ходимларининг Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Адлия вазирлигида режа-жадвал асосида ҳар уч йилда бир маротаба малакасини ошириш амалиёти йўлга қўйилади.
Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини назорат қилиш бўйича янги тартиб жорий этилиши муносабати билан Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Ўзбекистон президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш бошқармаси негизида 20 та штат бирлигидан иборат Ўзбекистон президенти ва ҳукумат ҳужжатлари ижросини назорат қилиш бошқармаси ташкил этилади.
Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ва Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро ҳолатини баҳолаш амалиёти жорий этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.07.2025
- Кўришлар: 133
- Чоп этиш