Ички ишлар органлари ходимлари учун маърифий дарс

30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида муҳим маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Марказий тергов ҳибсхонасида фаолият олиб бораётган ички ишлар ходимлари иштирок этишди. Маърифий дарснинг асосий мақсади — одам савдосини олдини олиш, бу иллатга қарши тизимли ва самарали курашишнинг ҳуқуқий ҳамда амалий механизмларини ички ишлар органлари ходимларига етказиш, уларда ушбу йўналишдаги халқаро ва миллий қонунчилик бўйича билим ва тушунчаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Маърифий тадбирда Миллий марказнинг етакчи мутахассислари Н.Султонов ва Н. Аслонов иштирок этди. Улар тингловчиларга одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқий нормалар ва стандартлар, жумладан, Одам савдосига қарши курашиш бўйича Палермо протоколи, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар ва мажбуриятлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари иштирокида амалга оширилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилинди. Миллий марказнинг ушбу йўналишдаги таълимий, таҳлилий ва тарғибот ишлари, хусусан, давлат ва жамият ўртасида кўприк вазифасини бажараётгани алоҳида қайд этилди.

Иштирокчиларга одам савдосининг мавжуд турли кўринишлари, қурбонлари, сабаб ва оқибатлари ҳақида тушунчалар берилди. Ходимлар учун ушбу масалада қандай ёндашувлар ва эътибор муҳим экани таъкидланди.

Тадбир якунида Миллий марказ томонидан чоп этилган тегишли адабиётлар ва амалий қўлланмалар иштирокчиларга беғараз тақдим этилди.

Иштирокчилар бундай маърифий учрашувларни доимий равишда ташкил этиш зарурлигини таъкидладилар. Бинобарин, эътироф этилганидек, бу каби тадбирлар Ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, инсон ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндашувни шакллантириш ва мамлакатда одам савдосига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech