Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 30 январдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга доир давлат дастури ижроси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг алоҳида эътиборида бўлди.
Хусусан, “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Янги Миллий стратегия лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўндан ортиқ тадбир – миллий ва халқаро даражадаги маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Аввалги Миллий стратегия – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг ижроси мунтазам мониторинг қилиб борилди. Миллий стратегия доирасида, жумладан, 2025 йил биринчи ярмида 8 та қонун, Президентнинг 11 та фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 6 та қарори қабул қилинди.
Миллий марказ томонидан жорий йилнинг олти ойида Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратура билан ҳамкорликда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курслари республика миқёсида 4 та ҳудудда амалга оширилди.
Жиззах, Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида ўтказилган машғулотларда тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар, шунингдек вилоят, туман (шаҳар) суди судьялари ҳамда суд аппарати ходимларидан иборат жами 274 нафар тингловчи иштирок этди.
Жорий йилда халқаро ҳамжамият Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенциянинг 60 йиллиги ҳамда Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг 30 йиллигини кенг нишонламоқда.
Шу муносабат билан мазкур халқаро шартномаларнинг асосий аҳамиятини таъкидлаш ҳамда бугунги кунда юзага келаётган камситишларнинг олдини олиш учун самарали ва инновацион амалиётлар бўйича кенг қамровли кампания олиб бориш мақсадида ҳамкор вазирлик, идора ва ташкилотлар иштирокида Тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва изчил амалга оширилмоқда.
Миллий марказ жорий йилнинг ўтган даврида 3 та олий таълим муассасаси – Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади.
Шунингдек, Миллий марказ билан Венгрия Асосий ҳуқуқлар бўйича вакили ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ўтган олти ойда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича БМТнинг устав ва шартномавий органлари ҳамда бошқа механизмларининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида 4 та Миллий ҳаракатлар режасининг ижроси ўрганилди.
Бундан ташқари, халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилиши ҳолати юзасидан 3 та мониторинг амалга оширилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида 30 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат инсон ҳуқуқлари бўйича экспертизадан ўтказилди.
Шу йил бошида Миллий марказ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши низоми тасдиқланиб, унинг фаолияти қайта ташкил этилди. Жамоатчилик кенгаши таркиби шакллантирилди ва 27 февралда Кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари мулоҳаза ва тавсиялари амалга оширилишини ўрганиш бўйича ташкил этилган мониторингларда ҳам Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари фаол иштирок этди.
Миллий марказ оммавий ахборот воситалари, интернет платформалари ва ижтимоий тармоқлар орқали инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муҳим мавзуларда мақолалар, интервьюлар, видеороликлар ва таҳлилий материаллар тайёрлаб, аҳолига етказиб келмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида 2 минг 782 та ахборот Миллий марказ расмий сайтига жойлаштирилди.
Миллий марказнинг «Инсон ҳуқуқлари уйи» ўтган йилнинг 3 декабрида расман очилди. Бу ерда шу вақтгача 25 та тадбир – Миллий марказ томонидан янги чоп этилган адабиётларнинг тақдимотлари, китоблар туҳфа этиш тадбирлари, инсон ҳуқуқларига оид ўқув машғулотлари, турли мавзуларга оид маҳорат дарслари, учрашувлар, давра суҳбати ва маънавий-маърифий анжуманлар ўтказилди.
Ўтган олти ойда “Инсон ҳуқуқлари уйи” томонидан ҳудудлардаги ахборот-кутубхона марказлари ҳамда турли идора ва ташкилотларга 380 номдаги 1 минг 414 та инсон ҳуқуқларига оид адабиёт беғараз тақдим этилди.
Кейинги олти ойда Миллий марказ томонидан 13 номда босма ва электрон нашрлар чиқарилди. Бунда учта асосий йўналиш – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар тўпламларини давлат тилида нашр этиш, ўқув адабиётларини тайёрлаш, шунингдек, маърифий материалларни нашр этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Миллий марказ муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг 2 та сони нашр этилди. Миллий марказ ҳаммуассислигидаги “Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” журналининг ҳам икки сони нашрдан чиқди.
Жорий йил бошидан Миллий марказ директори БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасида сайланган аъзо сифатида ўз фаолиятига киришди. Директорнинг биринчи ўринбосари эса 2025-2028 йилларга Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясига аъзо этиб сайланди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, БМТ тизимидаги дастурлар, фондлар ва ихтисослаштирилган муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ярим йил ичида 6 та тадбир ташкил этилди.
Шунингдек, 2025 йилнинг биринчи ярмида Миллий марказга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши махсус маърузачиларидан ҳамда якка тартибдаги мурожаатлар бўйича жами 60 та ҳужжат келиб тушди.
Шулардан 53 та ҳужжат Махсус маърузачилар ҳамда якка тартибдаги мурожаатларда келтирилган масалалар юзасидан вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Миллий марказ томонидан жавоб хати тайёрланиб, махсус маърузачига тақдим этилди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан биргаликда Термиз ва Фарғона шаҳарларида Жазони ижро этиш департаменти тиббиёт ходимлари ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази экспертлари учун семинар-тренинг ўтказилди.
Ўтган даврда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида Миллий марказ вакиллари Америка Қўшма Штатлари, Озарбайжон, Қатар, Бельгия, Швейцария, Россия, Қозоғистон ва Туркманистон каби 9 та давлатга ташриф буюрдилар.
Ҳисобот даврида инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро тажриба алмашиш ҳамда самарали алоқаларни давом эттириш мақсадида Миллий марказга халқаро ҳамкорларнинг 16 та ташрифи амалга оширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 01.08.2025
- Кўришлар: 182
- Чоп этиш