Тошкент шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг ўзбек тилида илк бор нашр этилган "Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида" номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир Хитой Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича жамияти, Хитой Халқ Республикасининг Адабиётларни хорижий тилларда нашр этиш ва тарқатиш ишлари бўйича бошқармаси, ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда 14-чақириқ Умумхитой қўмитаси Халқ сиёсий маслаҳатлашув кенгашининг доимий аъзоси, Миллий ва диний ишлар бўйича комиссия бошлиғининг ўринбосари, Хитой инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича жамиятининг ижрочи вице-президенти Цзян Цзяньго, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь, дипломатик корпус, илмий ва академик доиралар, давлат органлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Хитой ва Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги экспертлари иштирок этди.
Китоб Хитойнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига оид концептуал ёндашувларини очиб берувчи манба сифатида муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ушбу китобнинг ўзбек тилида нашр этилиши илмий маърифат алмашиш, давлатлараро мулоқотни чуқурлаштириш ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар эшигини очиши эътироф этилди.
***
Си Цзиньпиннинг "Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида" номли китобига бағишланган илмий-амалий семинар ҳам ташкил этилди.
Хитой томони вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараларини юқори баҳолади.
Ўзбекистоннинг халқаро майдонларда илгари сурган ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Ушбу саъй-ҳаракатлар минтақанинг барқарор ривожланиши ва жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви, давлатлар ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Иштирокчилар ҳуқуқий мулоқот ва институционал ҳамкорликни ривожлантириш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимлари самарадорлигини оширишга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Сўзга чиққанлар инсон ҳуқуқлари соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлашга қаратилган илмий-маърифий ташаббусларнинг аҳамиятини юқори баҳолади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой университетлари ва илмий марказлари ўртасида қўшма тадқиқот лойиҳалари ва академик алмашинувларни ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Семинар якунида томонлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги замонавий таҳдидларни чуқур ўрганиш ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган қўшма форумлар, семинарлар ва эксперт учрашувларини ташкил этиш орқали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
***
Тадбир доирасида А.Саидов ва Ц.Цзяньго учрашуви бўлиб ўтди.
Хитой делегацияси аъзоларига Ўзбекистоннинг миллий қонунчилиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги асосий ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Ўз навбатида, Хитойда амалга оширилган изчил ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати натижасида олий қадрият ҳисобланувчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида муҳим натижаларга эришилгани қайд этилди.
Ц.Цзяньго Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган тараққиётини юқори баҳолар экан, бу борадаги шиддатли ва қамровдор ислоҳотларни – беқиёс янгиланишлар, деб таърифлади. Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташаббуслари асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та резолюцияси қабул қилинганини эътироф этди.
Бу борадаги натижадор қадамлар, ўз навбатида, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси тобора ошиб бораётганини яққол кўрсатмоқда. Айниқса, Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳамкорликда ишлаб чиққан "Цивилизациялараро мулоқот халқаро куни" номли резолюциянинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинганига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида бир қатор аниқ режалар, хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий стратегиялар ва ҳаракатлар режаларини амалга оширишга ёндашувларни ўрганиш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий кун тартибининг долзарб масалалари, шу жумладан, рақамли маконда ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқни таъминлаш каби замонавий таҳдидлар бўйича мунтазам қўшма семинарлар ва конференциялар ўтказиш юзасидан келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
А.Мамадаминов (сурат),
ЎзА
- Қўшилди: 20.08.2025
- Кўришлар: 91
- Чоп этиш