Мустақиллигимизнинг 34 йиллигига бағишланди

“Айнан мустақиллик, барча сиёсий-ҳуқуқий кафолатларни ўзида мужассам этган ҳолда, “Ўзбекистон – 2030”  стратегиямизни амалга ошириш, жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтириш, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, минтақамизда яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантириш, дунё мамлакатлари билан фаол ҳамкорлик қилиш, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда беқиёс таянч бўлиб хизмат қилмоқда”.

Ушбу фикрлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида таъкидланган. Мамлакатимиз бўйлаб, мазкур қарор ижроси доирасида, “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

25 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бўлиб ўтган тадбир ҳам Мустақилликнинг 34 йиллигига бағишланди. Миллий марказ директори академик Акмал Саидов энг қутлуғ ва энг азиз байрам билан меҳнат жамоасини чин қалбдан самимий табриклади.

Тадбирда алоҳида қайд этилганидек, 1991 йил 31 августда мард ва олижаноб халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва азму қарори билан қўлга киритилган Миллий истиқлолимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги барча ислоҳотларимиз ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги тарихий шароитда ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Мустақиллигимизнинг ана шундай улкан аҳамиятини эътироф этган ҳолда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ҳам миллий истиқлолимизнинг ўттиз тўрт йиллик шонли санаси Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт даражаси, жаҳон майдонидаги обрў-эътиборига ҳар томонлама муносиб тарзда, юксак савияда нишонланмоқда.

Миллий марказ вакиллари Мустақиллик байрамининг юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги аҳамиятига бағишлаб жойларда ўтказиладиган турли маънавий-маърифий анжуманлар ва умумхалқ сайилларида иштирок этадилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech