Жорий йилнинг 25 август куни Сенат Раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигида “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти танловини ўтказиш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, қатор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ташкилий қўмитанинг дастлабки мажлиси ўтказилди.
Таъкидлаш керакки, “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида таъсис этилган.
“Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти танловини мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган фуқаролик жамияти институтлари, фаол жамоатчилик вакиллари ҳамда ташаббускор фуқароларни рағбатлантириш мақсадида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ҳар икки йилда ўтказиш назарда тутилган. Ушбу танлов жорий йилда илк маротаба ташкил этилмоқда.
Танловда қуйидаги 8 та номинация бўйича ғолиблар аниқланади:
− инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоячиси;
− ёшлар сиёсати соҳасидаги ташаббускор етакчи;
− маҳаллалардаги жамоатчилик тузилмаларининг фаоли;
− энг фаол жамоатчилик назоратчиси;
− экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича фаол ва ташаббускор;
− ижтимоий инновациялар ва ривожланиш бўйича энг фаол ва ташаббускор;
− инклюзив жамият барпо этиш бўйича энг фаол ташаббускор;
− меценатлик фаолияти бўйича энг фаол ва ташаббускор.
Ғолиблар Ташкилий қўмита хулосаси ҳамда кенг жамоатчилик фикри асосида аниқланади ҳамда номинациялари бўйича биринчи ўрин БҲМнинг 50 баравари, иккинчи ўрин БҲМнинг 40 баравари, учинчи ўрин БҲМнинг 30 баравари миқдорида пул мукофоти, махсус статуэтка ва сертификат билан тақдирланиши таъкидланди.
Танловда иштирок этиш учун 2025 йилнинг 1 октябрига қадар Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмаларига сўнгги икки йилда фаолият юритаётган фуқаролик жамияти институтлари, фаол жамоатчилик вакиллари ва ташаббускор фуқаролар шахсий маълумотлари ҳамда фаолияти ва эришган ютуқларини акс эттирувчи ҳужжатлар билан бирга ариза топширишлари мумкин.
Мажлис якунида танлов ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, ғолибларни шаффоф тизим орқали аниқлаш ҳамда танловни ўтказиш билан боғлиқ бошқа ташкилий масалалар юзасидан келишиб олинди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 25.08.2025
- Кўришлар: 113
- Чоп этиш