“Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти ғолиблари жорий йилда илк марта аниқланади. Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошқарган “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти танловини ўтказиш бўйича сенаторлар, депутатлар, қатор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ташкилий қўмитанинг дастлабки мажлисида шу ҳақда сўз борди.
“Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти танлови мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган фуқаролик жамияти институтлари, фаол жамоатчилик вакиллари ҳамда ташаббускор фуқароларни рағбатлантириш мақсадида ҳар икки йилда ўтказилади. У жорий йилда илк маротаба ташкил этилмоқда.
Танловда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоячиси”, “Ёшлар сиёсати соҳасидаги ташаббускор етакчи”, “Маҳаллалардаги жамоатчилик тузилмаларининг фаоли”, “Энг фаол жамоатчилик назоратчиси”, “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича фаол ва ташаббускор”, “Ижтимоий инновациялар ва ривожланиш бўйича энг фаол ва ташаббускор”, “Инклюзив жамият барпо этиш бўйича энг фаол ва ташаббускор”, “Меценатлик фаолияти бўйича энг фаол ва ташаббускор” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланади.
Маълумот учун: “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти Президентимизнинг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида таъсис этилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.08.2025
- Кўришлар: 198
- Чоп этиш