5 сентябрь – Халқаро хайрия куни
“Хайрия – кучли бўлганларни заифларга ёрдам беришга чақиради”. Ҳиндистон миллий-озодлик ҳаракати раҳбари, таниқли мутафаккир Махатма Гандининг дунёда инсонпарварлик, раҳм-шафқат ва бағрикенгликни тарғиб этувчи бу ҳикматли сўзлари айнан 5 сентябрь – Халқаро хайрия куни муносабати билан айтилганга ўхшайди деб эътироф этилган. Чунки ҳар йили ушбу сана бутун жаҳонда эҳтиёжмандларга ёрдам бериш, жамиятда бирдамлик муҳитини яратиш ва кўнгиллилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида нишонланади.
Айни байрам дунёнинг кўплаб давлатларида тантана қилинади ҳамда аҳолини хайрия ишлари ва ёрдамга муҳтож инсонларга эътибор қаратишга ундайди. Хайрия – нафақат молиявий ёрдам, балки вақт, куч ва эътибор билан ҳам ифодаланади.
Бу халқаро сана Ўзбекистонда миллий қадриятлар, диний-маънавий анъаналар ва давлат сиёсати билан уйғун тарзда нишонланмоқда. У ҳар биримизнинг чин юракдан қилган кичик ёрдамимиз билан жамиятда катта ўзгаришларни амалга ошириш имкониятини яратади.
Халқаро хайрия кунини таъсис этиш ташаббуси Венгрия томонидан илгари сурилган бўлиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 2012 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан тасдиқланган. Айнан 5 сентябрь кунининг танланиши хайрия ишларига умрини бағишлаган она Терезанинг хотираси билан боғлиқдир.
Яъни, 1997 йил 5 сентябрда буюк инсонийлик рамзига айланган, Нобель бўйича мукофоти соҳибаси она Тереза вафот этган. Она Тереза умри давомида Ҳиндистоннинг аҳолиси энг қашшоқ туманларида беминнат ва беғараз хайрия ишлари билан шуғулланиб, дунё аҳли учун хайрия ҳаракатининг илҳом манбаи бўлган. Унинг ибратли ҳаёти бутун инсониятга намуна бўлиб қолмоқда.
Халқаро хайрия кунини ўтказишдан мақсад – инсонлар орасида ўзаро ёрдам ва ҳамжиҳатлик тамойилларини ривожлантириш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, жамиятдаги ижтимоий тенгсизликни камайтириш, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, очарчиликка барҳам бериш каби масалаларда сезиларли ўзгаришлар яратишга қаратилган глобал ҳаракатни шакллантиришдир.
Ушбу кун инсонларни бошқаларга яхшилик қилишга ундайди ва ҳар бир кишига хайрли ишларга қўшилиш имкониятини тақдим этади. Зеро, биз амалга оширган кичкина ёрдам ҳам бошқа бир инсоннинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиришга қодир эканини унутмайлик.
Ўз вақтини, билим ва тажрибасини бошқалар манфаатига бағишлаш, муҳтожларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, бирор бир кишига яхши сўз айтиш ёки уларни қўллаб-қувватлаш, яъни яхши хулқни намойиш этиш ҳам аслини олганда хайрия ҳисобланади.
Мамлакатимизда, айниқса, сўнгги йилларда хайрия фаолияти давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги қарори билан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” жорий қилингани эҳтиёжманд қатламларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатишда муҳим қадам бўлди.
Шу негизда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати, “Эл-юрт умиди” жамғармаси, “Маҳаллабай” тизими орқали аҳолига хайрия ва ижтимоий кўмак кўрсатишнинг самарали механизми шакллантирилди.
Ўзбекистонда хайрия ишларининг муҳим ташкилотларидан бири “Вақф” фонди ҳисобланади. “Вақф” фонди – ижтимоий ёрдам, хайрия, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа ижтимоий соҳаларда фаолият юритадиган ташкилотдир.
“Вақф” фонди ўз фаолиятини асосан ёрдамга муҳтожларга, хусусан, кексаларга, болаларга, ногиронларга ва эҳтиёжманд оилаларга қаратади. Бу ташкилот турли хайрия тадбирларини ўтказади ва мана шу тадбирларида кўнгилли бўлиб ишлаш, муҳтожларга озиқ-овқат, тиббий ёрдам, таълим ва бошқа керакли ресурсларни тақдим этади. Шунингдек, “Вақф” фонди томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар орқали жамиятда ижтимоий тенгликни таъминлаш, инсонларнинг турмуш тарзини яхшилаш ва янги имкониятларни яратиш мақсад қилинади.
Бундан ташқари, “Замин” фонди Ўзбекистонда фаолият юритаётган хайрия ташкилотларидан биридир. “Замин” фонди асосан таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ёрдам кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Бу фонд томонидан амалга ошириладиган асосий лойиҳалар орасида, эҳтиёжманд ўқувчиларга стипендиялар тақдим этиш, етим болаларга ёрдам кўрсатиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ва бошқа хайрия ишлари мавжуд. “Замин” фонди ўзининг фаолияти билан нафақат ижтимоий муаммоларга ечим топишда, балки жамиятда маданиятли ва ёрдамга муҳтожларга эътиборли муносабатни шакллантиришда ҳам муҳим рол ўйнамоқда.
Юртимизда яна кўплаб бошқа хайрия ташкилотлари ҳам ижтимоий ёрдам кўрсатишда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу каби ташкилотлар инсонларни эзгулик йўлида бирлаштириб, уларнинг ёрдамга муҳтожларга бўлган муносабатини ўзгартиришга ёрдам беради.
БМТ, ЮНИСЕФ, Қизил Ярим Ой жамияти каби халқаро ташкилотлар бутун дунё бўйлаб хайрия фаолиятини қўллаб-қувватламоқда. Кўпгина давлатларда нотижорат ташкилотлари ва хайрия ишларини қўллаб-қувватловчи давлат дастурлари амал қилмоқда. Жамият ва давлат ўртасидаги ҳамкорлик хайрия соҳасида муҳим ижобий натижаларга олиб келмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон БМТ, ЮНИСЕФ, Қизил Ярим Ой, ЮНФПА ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳам ҳамкорликда инсонпарварлик ва хайрия лойиҳаларини амалга оширмоқда. Масалан:
· ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш дастурлари;
· Қизил Ярим Ой жамияти орқали қон топшириш ва тиббий ёрдам тадбирлари;
· ЮНФПА ва “Zamin” жамғармаси билан репродуктив соғлиқни таъминлаш бўйича хайрия ташаббуслари ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Ўзгаларга меҳр ва ёрдам кўрсатиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлидадир. Хайрия қилиш учун албатта бой бўлиш шарт эмас. Кичик ҳаракат ҳам катта ўзгаришларга олиб келиши мумкин.
5-сентябрь – инсонпарварлик, бағрикенглик ва дунёни яхшиликка қаратадиган ҳаракатлар куни. Бу хайрия учун шунчаки расмий куни эмас, балки инсон қалбидаги раҳм-шафқат, меҳр ва инсонийликни қайта уйғотувчи ҳаётий сана.
Ҳар бир инсон ушбу кунда ва ундан кейин ҳам жамият ҳаётини яхшилашга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Чунки ҳар қандай хайрли иш, қанчалик катта ёки кичик бўлмасин, инсоният учун муҳим аҳамиятга эга. Халқимиз орасидаги “Бир яхшилик минг ёмонликни йўқ қилади” деган ҳикматли ибора бу куннинг асл моҳиятини ўзида намоён этади.
Гулчеҳра Бегматова,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали таҳририяти катта муҳаррири
- Қўшилди: 05.09.2025
- Кўришлар: 230
- Чоп этиш