Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш доирасида 2025 йил 4-5 сентябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг шартномавий органлари ва алоҳида ҳолатлар бўйича махсус тартиб-қоидалари тавсияларини жорий этиш масалаларига бағишланган икки кунлик семинар бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё минтақавий бўлинмаси ва Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинар Конституциявий суд ва Олий суд судьялари, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Омбудсман институти, Адвокатлар палатаси, "Тараққиёт стратегияси" маркази, илмий доиралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси Акмал Саидов ўз нутқида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича фаол ва тизимли ишлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлининг ажралмас қисми эканини таъкидлади. Хусусан, "инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро механизмлар тавсияларини имплементация қилиш нафақат юридик мажбурият, балки ҳуқуқий тизимнинг етуклиги, давлатнинг фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ҳамжамият билан очиқ мулоқот ва ўзаро ҳамкорликка тайёрлиги кўрсаткичидир", – деди академик А.Саидов.
Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Матилда Богнер шундай деди: "Бугун биз халқаро нормаларни шунчаки муҳокама қилмаяпмиз – биз фуқаролар манфаатлари йўлида уларни амалда рўёбга чиқариш воситаларини яратмоқдамиз. Бу халқаро механизмлар тавсиялари қоғозда қолиб кетмаслиги, балки амалиётда, жумладан, суд ва маъмурий тизимларда ўз татбиқини топиши учун муҳим қадамдир".
Халқаро юристлар комиссиясининг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури директори Тимур Шакиров ўз нутқида қуйидагиларни таъкидлади: "Тавсияларни самарали амалга ошириш учун барча манфаатдор томонлар – давлат органларидан тортиб фуқаролик жамиятигача – зарур билим, воситалар ва сиёсий иродага эга бўлиши талаб этилади. Биз Ўзбекистоннинг очиқ мулоқотга тайёрлигини, шунингдек, нафақат халқаро тажрибани ўрганиш, балки уни миллий контекстга мослаштириш истагини олқишлаймиз".
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Женевада бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида баён этилган позициясига алоҳида урғу берилди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш марказий ўрин тутишини таъкидлаганига эътибор қаратилди.
Семинарда БМТ шартномавий органлари мулоҳазаларининг юридик мақоми ва ҳуқуқий табиати, уларни миллий ҳуқуқий тизимга имплементация қилиш йўллари, шунингдек, тегишли халқаро мажбуриятларни бажаришда Ўзбекистон олдидаги амалий масалалар ва имкониятлар батафсил кўриб чиқилди. БМТнинг Махсус тартиб-таомиллари механизмлари, шу жумладан махсус маърузачиларнинг тавсиялари ва уларни бошқа мамлакатларда муваффақиятли жорий этишга оид мисоллар келтирилди.
Ушбу механизмларнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари тизимининг очиқлиги, ҳисобдорлиги, институционал ривожланиши ва барқарорлигини таъминлашдаги аҳамияти таъкидланди.
Семинар доирасида кичик гуруҳларда интерфаол иш олиб борилди. Бунда иштирокчилар идоралараро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш, тавсияларни амалга ошириш жараёнида шаффофликни таъминлаш, шунингдек, мониторинг ва ҳисоботнинг таъсирчан шаклларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқдилар.
Муҳокамалар якунида бир қатор амалий тавсиялар, жумладан, қисқа ва ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган устувор йўналишларни белгилаш бўйича таклифлар тайёрланди. Бу ўринда, жумладан, ҳуқуқий хабардорликни ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий механизмларни институционал мустаҳкамлаш, жамоатчилик назорати механизмларини кенгайтириш ва халқаро мажбуриятларнинг лозим даражада бажарилишини таъминлаш бўйича тадбирлар ҳақида сўз бормоқда.
Семинар ўзаро фикр алмашиш, профессионал ҳамкорлик қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини халқаро стандартларга мувофиқ янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ қадамларни ишлаб чиқиш учун муҳим платформа бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.09.2025
- Кўришлар: 238
- Чоп этиш