8 сентябрь – Халқаро саводхонлик куни
Жорий 2025-2026 ўқув йилида юртимиздаги 10 мингдан зиёд мактабга “Биринчи қўнғироқ” жаранги остида 1-синфга қабул қилинган 720 мингдан ортиқ ўғил-қиз “Президент совғалари”дан ғоят мамнун бўлди. Ушбу шукуҳли аём муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига табрик йўллади.
Давлат раҳбарининг табригида таъкидланганидек, кейинги йилларда бутун юртимиз каби мактабларимиз қиёфаси ҳам тубдан ўзгариб, улар том маънода Янги Ўзбекистон тимсолига айланиб бораётгани барчамизни чексиз қувонтиради. Чунки мактаб қанчалик обод ва чароғон бўлса, жамият ҳаёти шунчалик фаровон, мазмунли ва маърифатли бўлади.
Айниқса, кўплаб мактаб битирувчилари мамлакатимиздаги нуфузли олий ўқув юртлари билан бирга хориждаги етакчи университетларга юқори балл билан ўқишга кираётгани, ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиб, Янги Ўзбекистон тараққиётига улкан ҳисса қўшаётгани ҳаётимизда мактабнинг, устоз-мураббийларнинг аҳамияти янада ортиб бораётганини кўрсатади.
Ўзбекистон Президенти Ватанимиз ўқувчи-ёшлари ана шундай эзгу анъаналарни муносиб давом эттириши ва юксак босқичга кўтаришига комил ишонч билдирар экан, уларга қуйидаги эзгу ниятларини изҳор этди: “Ҳеч қачон унутманг, мактаб – бу мўъжиза, китоб, устозлар ўтадиган ҳар бир дарс – беқиёс хазинадир. Олдингизга аниқ мақсад қўйиб, бор куч-ғайратингиз, билим ва қобилиятингиз билан ҳаракат қилсангиз, кўзлаган марраларга албатта етасиз. Бу йўлда сизларга сиҳат-саломатлик, ютуқ ва зафарлар тилайман”.
Ўзбекистон Президентининг табриги “Билимлар куни”ни ўзгача маърифат байрамига айлантириб юборди. Бу йилги янги ўқув йилига бағишланган тадбирлар “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган улуғвор шиор остида ўтди. Илк сабоқ – “Келажак соати” дарсларида мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари, Мустақиллик, миллий ўзликни англаш, истиқлол йилларида қўлга киритилган ютуқлар, ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўз навбатида, мамлакатимизда қизғин нишонланган 1 сентябрь – “Билимлар куни” байрами 8 сентябрь – Халқаро саводхонлик кунига уланиб кетди. Бинобарин, саводхонлик – тинч-осойишта ва баркамол, барқарор ва тараққийпарвар ҳаёт гаровидир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида нишонланадиган ушбу муҳим халқаро сана ЮНЕСКО томонидан 1966 йили жорий этилган. Бу санани дунё миқёсида байрам қилишдан кўзланган асосий мақсад – инсониятнинг саводхонлик даражасини ошириш ва айни соҳада жаҳон ҳамжамиятининг фаоллигини мунтазам кучайтириб боришдир.
Буюк цивилизацияларга асос солган илғор халқлар, шу жумладан, иккита Ренессанснинг бошида турган халқимиз учун саводхонлик мезони неча минг йиллик тарихга эга. Улуғ шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий асарларида “савод” сўзи ўндан ортиқ маънода қўллангани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Навоий ҳазратларининг “Садди Искандарий” достонида шундай мисра бор:
Узуб ҳикмат авроқини тундбод,
Кутуб учтию элга қолди савод.
Бу ўринда “савод” сўзи қоралама, яъни ёзувнинг биринчи нусхаси, деган маънони англатади. Ўз навбатида, “Фарҳод ва Ширин” достонидаги:
Учунчи ой равон бўлди саводи,
Бурунғи йилда Қуръон бўлди ёди, –
мисраларида “савод” сўзи – ёзув-чизувни ўрганиб олганлик ҳолатидан дарак бериб келмоқда.
Бугунги кунда ҳам луғатимиздаги савод, саводхонлик, саводлилик сўзлари шундай маъноларга жуда яқин тушунчаларни ифодалайди. Хусусан, саводхонлик:
биринчидан, аҳоли маданий савияси кўрсаткичларидан бўлиб, оддий матнларни ўқий олиш ёки уларни ўқиш ва ёза олиш кўникмаси – хат-саводлиликни билдиради;
иккинчидан, одамнинг адабий тил меъёрларига мувофиқ келадиган оғзаки ва ёзма нутқ малакалари борлигини англатади;
учинчидан, муайян соҳа бўйича етарли билимга эгаликни ифодалайди.
Халқимиз нафақат билимли ва маълумотли, балки кўп ўқиган, мустақил фикрловчи инсонларга ҳам саводли дея баҳо беради. Зеро, савод – билим ва тушунча, кўникма ва тажрибадир.
Шу билан бирга, саводхонликнинг зидди бўлган “саводсизлик” сўзи саводнинг йўқлигини англатиш учун қўлланади. Саводсиз, одатда, ўқиш-ёзишни билмайди. Саводсизлик – етарли билим ва маълумотнинг мавжуд эмаслигидир.
Халқаро саводхонлик куни дунё миқёсида нишонланиши бежиз эмас. Чунки саводхонлик – инсон учун том маънода байрам. Бугунги инсонлар замонавий ҳаётнинг ҳар бир соҳаси бўйича муайян даражада саводи борлиги учун бахтиёр, тўкис ва фаровон яшайдилар. Афсуски, сайёрамизда саводсизлиги туфайли бундай бахтдан маҳрум инсонлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Нега деганда, ер юзида ҳали оддий ўқиш-ёзишни билмайдиган миллионлаб одамлар бор.
Айрим мамлакатларда биргина болакайнинг бошланғич таълим олиши учун бутун бошли оила маблағ жамғаришига тўғри келади. Баъзи мамлакатларда хотин-қизларнинг хат-саводли бўлиши шарт эмас, деган алмисоқдан қолган тушунча ҳали ҳам кучда. Қаердадир мактаблар етишмайди. Яна қаердадир урушларнинг тинмаётгани мактаблардаги ўқиш-ўқитиш имкониятларини чиппакка чиқармоқда.
Халқаро ҳамжамиятнинг бу борадаги узоқ йиллик изчил саъй-ҳаракатларига қарамай, ҳозирги вақтда дунё миқёсида 773 миллион нафардан зиёд инсон ҳатто бошланғич хат-саводга эга эмас. Бу рақам саводсизлик муаммосининг ҳалигача долзарблигидан далолатдир.
БМТ маълумотларига кўра, коронавирус пандемияси туфайли мактабларнинг ёпилиши муносабати билан сайёрамиздаги жами ўқувчиларнинг 62,3 фоизи, яъни 1 миллиард нафардан кўпроғи дарсларга қатнашида узилишлар юз берган. Энг ёмони, пандемия инқирози таълим олиш ва саводхонликни ошириш соҳасида шусиз ҳам мавжуд бўлган тенгсизликни янада кучайтирган.
Сайёрамизнинг аксарият таълим тизимларида пандемиягача ҳам ўқувчиларнинг зарур шароитлар билан таъминланмагани оқибатида неча юз миллионлаб болалар мактабга борган бўлса-да, ўқиш ҳамда математика фанлари бўйича бўйича энг оддий билимларни ўрганиш имконига эга бўлмаган. Сўнгги таҳлилларга кўра, ҳозирги вақтда дунёдаги 10 ёшли барча болаларнинг учдан икки қисми мутлақо ўқишни билмайди.
БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) таҳлилларига қараганда, 2026 йил охирида мактабга бормайдиган болалар сони қарийб 6 миллионга ортиб, 278 миллион нафарга етиши мумкин. Бунинг асосий сабаби таълимни ривожлантиришга ажратиладиган расмий ёрдамнинг 3,2 миллиард долларга камайишидир.
Шу муносабат билан ЮНИСЕФ халқаро ҳамжамиятни шошилинч чоралар кўришга чақирди. Бу ўринда, хусусан, кам ривожланган давлатлар учун молиялаштириш улушини ошириш, гуманитар инқироз шароитида таълим дастурларини ҳимоя қилиш, ресурсларни асосий ва бошланғич таълимга йўналтиришга эътибор қаратиш ҳақида сўз бормоқда.
Ўз навбатида, БМТнинг Фаластин қочоқларига ёрдам бўйича агентлиги (БАПОР) маълум қилишича, Ғазо секторида қарийб 660 минг нафар бола мактаб таълими тизимидан ташқарида қолмоқда. Чунки минтақада кейинги икки йилдан буён давом этаётган қуролли можаро оқибатида 2,3 миллион нафар фаластинлик қочоқлар ўз турар жойларини бир неча бор ўзгартириб, айни вақтда қочоқлар учун вақтинча бошпанага айлантирилган мактабларда истиқомат қилишга мажбур.
Шунинг учун БМТ, ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, хусусий сектор, фуқаролик жамияти ҳамда таълим-маърифат муассасалари вакиллари ҳар йили Халқаро саводхонлик кунини нишонлашда фаол иштирок этади. Инсоният саводхонлигини юксалтириш ишига улуғвор ҳисса қўшган шахслар халқаро мукофотлар билан тақдирланади.
Шу маънода, мамлакатимизда таълим ва тарбияга устувор вазифа сифатида ёндашилаётгани таҳсинга сазовор. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида уқтирганидек, “Сифатли таълим-тарбия, аҳолимиз саломатлиги – келгуси тараққиётимизни ҳал қиладиган энг муҳим масала”.
Бинобарин, сўнгги саккиз йилда таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш борасида кўплаб салмоқли натижаларга эришилди. Жумладан:
· хусусий сектор билан бирга боғчалардаги ўринлар 2,5 миллионга, қамров эса 78 фоизга етказилди;
· янги мактаблар қурилгани, мавжудлари кенгайтирилгани ҳисобига қўшимча 1 миллионта ўқувчи ўрни яратилди;
· замонавий дарсликлар, илғор педагогик технологиялар асосида мактаб таълимига янги мазмун, янги сифат кириб келмоқда;
· олий таълимда қамров 9 фоиздан 42 фоизга етказилди;
· талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани алоҳида эътиборга сазовор;
· ҳозирги вақтда дунёдаги топ олий ўқув юртларида 2 мингдан зиёд талабамиз таҳсил олмоқда. Улардан 750 нафари “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали давлат ҳисобидан ўқимоқда;
· ўтган йили юртимиз ёшлари топ-500 талик олий ўқув юртларига кириш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади.
Жорий йилда юртимиздаги 3 та мактаб – Қоракўл туманидаги мактаб-интернат, Навоий шаҳридаги 1-сонли ихтисослашган мактаб-интернат, Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби олий ўқув юртларига кириш бўйича 100 фоизлик натижага эришди. Бу, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган эзгу ғоямизнинг амалдаги ифодасидир.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича катта дастур амалга оширилмоқда. Мактабларда аввало она тили ва адабиётни чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарзандларимизга чет тилларидан сифатли таълим бериш мақсадида хорижий тил эгалари олиб келинмоқда. Мактаб ўқувчилари жаҳондаги илғор тажрибалар асосида тайёрланган замонавий дарсликлар билан таъминланмоқда.
Сўнгги йилларда юзлаб замонавий мактаблар барпо этилди. Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳаётимизга кириб келди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. Ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнат шароитлари яхшиланиб, малакаси изчил оширилмоқда.
Жорий йилдан бошлаб юртимизда “Президент иқтидорли фарзандлари” маърифий лойиҳаси кенг қулоч ёзди. Барча туманларда “Жасорат мактаблари” фаолияти йўлга қўйилгани навқирон авлодни ватанпарварлик, юртга садоқат, фидойилик руҳида тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шунинг баробарида, 2025 йилда жами 440 та мактабда ва 226 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Натижада мактабларда қўшимча 115 дан ортиқ янги ўрин яратилади, мавжуд 100 мингдан ортиқ ўрин замонавий қиёфага келтирилади.
Яна бир янгилик: Олий Мажлис Сенатининг 2025 йил 4-5 декабрь кунлари бўлиб ўтган 10-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига таълим хизматларини кўрсатиш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди ҳамда маъқулланди.
Қонун асосида “мактабдан ташқари таълим” атамаси илғор халқаро талабларга мувофиқ “қўшимча таълим” атамаси билан алмаштирилмоқда. Шунингдек, “қўшимча таълим” атамасига таъриф берилиб, у болалар учун қўшимча таълим ва катта ёшдагилар учун қўшимча таълим турларига ажратилмоқда.
Бундан ташқари, давлат қўшимча таълим муассасалари таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда ташкил этилиши назарда тутилмоқда. Бунда болалар учун нодавлат қўшимча таълим фаолияти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини, катта ёшдагилар учун эса Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигини хабардор қилиш орқали амалга оширилади.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки, Президентимиз таъкидлаганидек, “Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 06.09.2025
- Кўришлар: 184
- Чоп этиш