Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш доирасида БМТнинг шартномавий органлари ва алоҳида ҳолатлар бўйича махсус тартиб-қоидалари тавсияларини жорий этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси ва Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда судьялар, ҳуқуқий идоралар вакиллари, "Тараққиёт стратегияси" маркази, илмий доиралар, ННТ, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси Акмал Саидов инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича фаол ва тизимли ишлар амалга оширилаётгани ислоҳотлар йўлининг ажралмас қисми эканини таъкидлади. Хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро механизмлар тавсияларини имплементация қилиш нафақат юридик мажбурият, балки ҳуқуқий тизимнинг етуклиги, давлатнинг фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ҳамжамият билан очиқ мулоқот ва ўзаро ҳамкорликка тайёрлиги кўрсаткичидир.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Матилда Богнернинг қайд этишича, халқаро нормаларни фуқаролар манфаатлари йўлида амалда рўёбга чиқариш воситалари яратилмоқда. Бу халқаро механизмлар тавсиялари қоғозда қолиб кетмаслиги, балки амалиётда, жумладан, суд ва маъмурий тизимларда ўз амалий ифодасини топиши зарур.
Халқаро юристлар комиссиясининг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури директори Тимур Шакиров тавсияларни самарали амалга ошириш учун барча манфаатдор томонлар – давлат органларидан тортиб фуқаролик жамиятигача зарур билим, воситалар ва сиёсий иродага эга бўлиши талаб этилишини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг очиқ мулоқотга тайёрлиги, шунингдек, нафақат халқаро тажрибани ўрганиш, балки уни миллий контекстга мослаштириш истагини олқишлашини билдирди.
Тадбир доирасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Женевада бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида баён этилган позициясига алоҳида урғу берилди. Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш марказий ўрин тутишига эътибор қаратилди.
Семинарда БМТ шартномавий органлари мулоҳазаларининг юридик мақоми ва ҳуқуқий табиати, уларни миллий ҳуқуқий тизимга имплементация қилиш йўллари, шунингдек, тегишли халқаро мажбуриятларни бажаришда Ўзбекистон олдидаги амалий масалалар ва имкониятлар батафсил кўриб чиқилди.
БМТнинг Махсус тартиб-таомиллари механизмлари, шу жумладан, махсус маърузачиларнинг тавсиялари ва уларни бошқа мамлакатларда муваффақиятли жорий этишга оид мисоллар келтирилди. Ушбу механизмларнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари тизимининг очиқлиги, ҳисобдорлиги, институционал ривожланиши ва барқарорлигини таъминлашдаги аҳамияти таъкидланди.
Семинар доирасида кичик гуруҳларда интерфаол иш олиб борилди.
Бунда иштирокчилар томонидан идоралараро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш, тавсияларни амалга ошириш жараёнида шаффофликни таъминлаш, шунингдек, мониторинг ва ҳисоботнинг таъсирчан шаклларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 08.09.2025
- Кўришлар: 151
- Чоп этиш