15 сентябрь куни Фарғона давлат университетида талаба-ёшлар учун муҳим мулоқот бўлиб ўтди. Мазкур маърифий-ҳуқуқий тадбирда юридик фанлар доктори, профессор, академик, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов иштирок этди.
Учрашувнинг бош мақсади – ёшларда ҳуқуқий тафаккурни янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Шунингдек, талабаларга инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳиятини чуқурроқ тушунтиришга ва бўлажак ҳуқуқшунослар учун назария билан амалиёт ўртасидаги узвий боғлиқликни очиб беришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тарих факультетининг Юриспруденция йўналиши талабалари иштирок этган учрашув очиқ мулоқот руҳида кечди. Академик А. Саидов ҳуқуқий давлат қурилишида ёшларнинг фаол иштироки, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда замонавий ёндашувларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, таниқли ҳуқуқшунос олим юридик билимларнинг нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам пухта ўзлаштирилиши зарурлигига эътиборни қаратди. Бунда ёш кадрларнинг соҳага масъулият ва ватанпарварлик билан ёндашишлари айниқса долзарб ҳамда муҳимдир.
Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Академик саволларга батафсил, ҳаётий мисоллар асосида жавоб бериб, ёшларни чуқур фикрлашга ундади. Бу, ўз навбатида, тадбирнинг янада жонли ва интерактив тусда ўтиши учун етакчи омил бўлди.
Мазкур учрашув ёшларнинг ҳуқуқий билимларини бойитиш, ҳуқуқий тафаккурини кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари ва миллий қонунчиликни янада теран англашларига катта ҳисса қўшди. Бундан ташқари, устоз ҳуқуқшунос, давлат ва жамоат арбоби билан юзма-юз мулоқот талабаларга соҳага оид амалий тажриба ва ҳаётий сабоқларни олиш имконини берди.
Шубҳасиз, бундай мулоқотлар ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни адолат ва қонун устуворлиги тамойилларига содиқ мутахассислар сифатида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Фарғона давлат университети расмий веб сайти
- Қўшилди: 17.09.2025
- Кўришлар: 115
- Чоп этиш