Танлов ғолибларига улар чизган расмлар чоп этилган китоб топширилди

16 сентябрь куни “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири Феруза Адилова Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги 1-умумтаълим мактабининг 4-“Б” синф ўқувчилари – Шарофиддин Абдурасулов ва Тўрабек Абдуқаюмовга уларнинг расмлари чоп этилган “Отамнинг ҳовлиси” номли китобни тақдим этди.

Ушбу шеърий тўплам Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими – шоир, таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо қаламига мансуб бўлиб, 2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили муносабати билан нашр қилинган. Китобдаги шеърларда болалар ва атроф-муҳит, табиат ва шеърият, инсон ҳуқуқлари ва экология ўртасидаги ўзаро боғлиқлик равон ҳамда тушунарли услубда тараннум этилган.

Янги китоб Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан "Тонг юлдузи" газетаси таҳририяти билан биргаликда нашрга тайёрланди. Шу маънода, кейинги даврда ўзаро ҳамкорликда ўтказилган “Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида”,  “Бойликни болаликдан асранг!”, “Онажоним табиат” сингари танловлар ғолиблари ва иштирокчиларининг газета саҳифаларида эълон қилинган ижодий асарлари – ранг-баранг расмлари ҳам китобнинг муқоваси-ю саҳифаларидан жой олгани бежиз эмас.

Айни вақтда юртимизнинг турли ҳудудларида ўтказилаётган ижодий учрашувлар доирасида "Тонг юлдузи" газетаси таҳририяти вакиллари томонидан ушбу китоб унда расмлари чиққан болажонларимизга шахсан топширилмоқда. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Уюшманинг Сирдарё вилояти бўлими ҳамкорлигида Гулистон шаҳридаги  2-умумтаълим мактабида “Босма ОАВ: кеча, бугун ва эртага” мавзусида ўтказилган ижодий учрашувда ҳам худди шундай бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов, “Тонг юлдузи” ва “Маърифат” газеталари, “Ғунча” ҳамда “Гулхан” журналлари бош муҳаррирлари иштирок этди. Ўқитувчи ва ўқувчилар билан бўлган мазкур учрашувда “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири Ф. Адилова сўз олиб, Миллий марказ билан ҳамкорликда ўтказилаётган ва натижалари газетада мунтазам эълон қилинаётган ҳар бир танлов ғолиблари рўйхатида сирдарёлик ўқувчилар ҳам борлигини алоҳида таъкидлади. 

Маълумот учун: “Отамнинг ҳовлиси” китобининг тақдимоти 2025 йил 2 июнь куни Инсон ҳуқуқлари уйида бўлиб ўтди. Тақдимотда сўзга чиққан экспертлар табиат, ижод ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги узвий боғлиқликнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, янги шеърий тўплам болалар ва ўсмирлар кутган қизиқарли китоб эканини эътироф этдилар.

Тақдимот якунида ўтказилган мушоирада фаоллик кўрсатган ўқувчи-ёшларга, шунингдек, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига китоблар тақдим этилди. Ўшанда ушбу китобда расмлари чиққан болажонларга ҳам китоб етказиб берилиши ҳақида келишиб олинганди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech