26 сентябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Универсал даврий ҳисобот доирасида олинган тавсияларни амалга ошириш бўйича миллий оралиқ ҳисоботни тайёрлашга бағишланган идоралараро семинар бўлиб ўтди. Мамлакатимиз давлат органлари ходимлари иштирок этган ушбу тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий эътибор Ўзбекистон томонидан Универсал даврий ҳисобот доирасида қабул қилинган тавсияларни амалга ошириш жараёнини баҳолаш, уларнинг ижроси юзасидан идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда оралиқ миллий маърузани тайёрлаш бўйича амалий механизмларни белгилаш масалаларига қаратилди.
Мазкур тадбирда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, 30 дан ортиқ давлат ташкилоти, Олий суд, Бош прокуратура, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари иштирок этдилар.
Семинарнинг кириш қисмида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Матилда Богнер сўзга чиқди.
Акмал Саидов ўз нутқида Ўзбекистон Республикасининг Универсал даврий ҳисобот доирасида халқаро ҳамжамиятдан қабул қилинган тавсияларни самарали амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, мазкур жараённинг шаффофлигини таъминлаш ҳамда миллий оралиқ ҳисоботни халқаро стандартларга мос ҳолда тайёрлаш муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Семинар доирасида масъул вазирлик ва идоралар вакиллари тажриба ва амалий жараёнларни муҳокама қилиши ҳамда самарали ҳамкорлик механизмларини белгилаб олиши кераклигини алоҳида таъкидланди.
А. Саидов қайд этганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш йўналишида муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, болалар ҳамда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига чек қўйиш, қийноқларга қарши курашиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг бошқа устувор йўналишларида кенг қамровли чора-тадбирлар кўрилаётир.
Ўз навбатида, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Матилда Богнер мазкур семинарнинг Ўзбекистон учун амалий аҳамиятини алоҳида қайд этди. Унинг таъкидлашича, миллий оралиқ ҳисобот тайёрланиши халқаро ҳамжамият олдида мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги саъй-ҳаракатларини намоён этадиган муҳим жараёндир. Шу маънода, М.Богнер семинар доирасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ўртасида самарали мулоқот ва фикр алмашинуви ташкил этилганини юқори баҳолаб, бу ҳамкорлик ҳисоботнинг халқаро стандартларга мос ва мазмунан бой бўлишига хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбирнинг амалий қисмида Универсал даврий ҳисобот доирасида берилган тавсияларни амалга ошириш жараёнида эришилган ютуқлар ва мавжуд қийинчиликлар бешта йўналиш бўйича ишчи гуруҳларда таҳлил қилинди. Жумладан, “Бола ҳуқуқлари ва таълим”, “Гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари”, “Асосий инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқий ислоҳотлар”, “Ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар ва барқарор ривожланиш” ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ва заиф гуруҳларни ҳимоя қилиш” каби мавзулардаги ишчи гуруҳ сессиялари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари модераторлигида олиб борилди.
Ишчи гуруҳлардаги муҳокамалар якунида иштирокчилар томонидан билдирилган асосий таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, тақдимот орқали иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Тақдимот жараёнида ҳар бир ишчи гуруҳ номидан спикерлар сўзга чиқиб, муҳокама қилинган устувор масалалар, билдирилган долзарб фикрларни баён этдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.09.2025
- Кўришлар: 361
- Чоп этиш