Янги Ўзбекистонда энг муҳим соҳа – таълим, энг ҳурматли инсонлар – ўқитувчи ва мураббийлар

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни

 

“Таълим сифатини ошириш ҳамда устоз ва мураббийларнинг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолади. Зеро, Янги Ўзбекистонда энг муҳим соҳа – таълим, энг ҳурматли инсонлар – ўқитувчи ва мураббийлардир”. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу фикрлари миллий таълим тизимида ўз амалий тасдиғини топмоқда.

Мамлакатимизда таълим ва тарбияга устувор вазифа сифатида ёндашилаётгани таҳсинга сазовор. Сўнгги саккиз йилда таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш борасида кўплаб салмоқли натижаларга эришилди. Жумладан:

·      хусусий сектор билан бирга боғчалардаги ўринлар  2,5 миллионга, қамров эса 78 фоизга етказилди;

·     янги мактаблар қурилгани, мавжудлари кенгайтирилгани ҳисобига қўшимча 1 миллионта ўқувчи ўрни яратилди;

·      замонавий дарсликлар, илғор педагогик технологиялар асосида мактаб таълимига янги мазмун, янги сифат кириб келмоқда;

·      олий таълимда қамров 9 фоиздан 42 фоизга етказилди;

·      талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани алоҳида эътиборга сазовор;

·       ҳозирги вақтда дунёдаги топ олий ўқув юртларида 2 мингдан зиёд талабамиз таҳсил олмоқда. Улардан 750 нафари “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали давлат ҳисобидан ўқимоқда;

·       ўтган 2024 йилда юртимиз ёшлари топ-500 талик олий ўқув юртларига кириш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистон Президенти 2025 йил 8 сентябрь куни таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот доирасида шу борадаги келгуси режалар ва уларни амалга ошириш чора-тадбирлари билан яқиндан танишди. Хусусан:

-     2026-2028 йилларда республиканинг 14 та ҳудудида Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади;

-     2026 йилдан бошлаб, ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танлови ўтказилади;

-     табиий фанларни ўқитишни яхшилаш мақсадида барча ҳудудларда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил қилинади ва Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги мактаб бу йўналишда таянч мактаб сифатида хизмат қилади;

-    Тошкент шаҳрида М. Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали, “ToshTech” техника университети ҳамда Олмалиқ давлат техника институти очилади.

Эътибор беринг: жорий ўқув йилидан бошлаб, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг талабалари учун Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилди. Айни янгиликнинг моҳияти шундаки, ҳозирги кунгача ўқитувчиликка меҳр қўйган ёшларни рағбатлантиришга қаратилган алоҳида давлат стипендияси йўқ эди.

Яна бир янгилик шуки, Президентимиз жорий йил 8 сентябрда мактабдан ташқари таълимни янги босқичга олиб чиқиш, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича қарорни имзолади. Шу асосда жойлардаги 219 та “Баркамол авлод” мактаби, “Ёшлик” спорт жамияти, Ўқувчи ёшлар маркази ва Ўзбекистон болалар ташкилоти негизида республика, ҳудуд ва туманларда “Келажак” марказлари ташкил этилади.

“Келажак” марказлари мактаблар билан узвий ва мақсадли тадбирларни жонлантириб, муҳандислик, илм-фан, маданият, санъат, китобхонлик, спорт ва экология йўналишлари бўйича ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилади. Ушбу тизим билан барча мактаблар қамраб олинади. Ҳар бир ўрта мактабда маслаҳатчи лавозими жорий қилинади. Маслаҳатчилар ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишига қараб, тил, касб, муҳандислик, ижод, санъат ва спорт тўгаракларини ташкил қилади.

Маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари синф раҳбари, мактаб психологи билан хулқ-атворида салбий ўзгариш бўлган ўқувчиларни таълим ва оиладаги муаммоларини ўрганиб, уларни енгиб ўтишга ҳамроҳлик қилади. Маҳалладаги ёшлар етакчилари эса ўқувчилар мактабдан ташқари вақтини мазмунли ўтказиши учун масъул бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 9 сентябрда бўлиб ўтган таълим соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида алоҳида қайд этилганидек, жорий йил бошидан халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз 195 та медални қўлга киритди. Уларга оширилган ставкада жами 10 миллиард сўм, мураббий ўқитувчиларига эса 3,5 миллиард сўм пул мукофоти берилади.

Хорижий тил эгалари жалб қилинган 1 мингдан зиёд мактабда тил бўйича сертификат олган ўқувчилар сони бир йилда 2,5 баробар кўпайди. Давлатимиз раҳбари айни рақамлар мисолида мактабгача ва мактаб таълимида ўзгаришлар бўлаётгани, дастурлар ишлаётгани, натижалар борлигини эътироф этар экан, айни чоғда, касб-ҳунар ва олий таълимга масъул мутасаддилар ҳалигача таълимдаги ислоҳотлар мазмунини тўлиқ тушуниб етмаганлигини кескин танқид қилди.

Шу боис Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги раҳбариятида тегишли ўзгартиришлар амалга оширилди. Эндиликда Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлари, уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар превентив ва проактив ишлашга ўтиб, таълимнинг барча йўналишларида катта ўзгариш қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди. 

Мутасаддилар зиммасига вилоят ва туман ҳокимлари билан биргаликда Президент мактаблари ва ихтисослашган мактабларда орттирилган тажриба асосида жорий йилда 598 та техникумга халқаро стандарт бўйича замонавий касбга ўқитиш муҳитини олиб кириш вазифаси қўйилди. Бу ишларни ягона сиёсат асосида олиб бориш учун Касбий таълим агентлиги ташкил қилинди.

Йиғилишда ўтган даврда ўқитувчиларнинг ойлигига қўшимча 10 дан зиёд устамалар жорий қилинганига урғу берилгани бежиз эмас. Бунинг натижасида бугун ўз устида ишлаган 60 мингдан ортиқ ўқитувчи 10-12 миллион сўм маош оляпти. Сентябрь ойидан бошлаб мактаб директорлари, боғча мудиралари ва уларнинг ўринбосарлари ойлиги ҳам 10 миллион сўмдан ошди.

Янги баҳолаш тизимига ўтган 1,5 минг мактабнинг 300 таси ижобий натижа кўрсатгани учун бутун жамоаси 40 фоизгача устама олади. Бу ҳақда атрофлича тўхталар экан, “Менинг халқимизга вақти келиб ўқитувчилар маошини минг долларга етказамиз деган гапларим мана уч йил ичида ҳақиқатга айланди”, деди давлатимиз раҳбари.

Ҳақиқатан ҳам, Янги Ўзбекистонни барпо этиш шароитида устоз ва ўқитувчилар, муаллим ва мураббийларга муносабат изчил юксалиб бормоқда. Бу ўринда 1 сентябрь – Билимлар куни муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига табрик йўллаганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу табрик “Билимлар куни”ни ўзгача маърифат байрамига айлантириб юборди.  

Жорий 2025-2026 ўқув йилида юртимиздаги 10 мингдан зиёд мактабга “Биринчи қўнғироқ” жаранги остида 1-синфга қабул қилинган 720 мингдан ортиқ ўғил-қиз “Президент совғалари”дан мамнун бўлди. Янги ўқув йилига бағишланган тадбирлар “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган улуғвор шиор остида ўтди.

Эндиликда ёш тоифалари бўйича миллий тарбия моделини яратишга киришилди. Бу орқали болалар замонавий компетенцияга эга мутахассис бўлиш билан бирга миллий қадриятларга содиқ инсон бўлиб тарбияланади. Бунинг илк қадами сифатида янги ўқув йилидан барча боғча, мактаб ва олий ўқув юртларида ҳар душанба “Келажак соати” дарслари ўтилмоқда.

Кейинги йилларда бутун юртимиз каби мактабларимиз қиёфаси ҳам тубдан ўзгариб, улар том маънода Янги Ўзбекистон тимсолига айланиб бораётгани барчамизни чексиз қувонтиради. Чунки мактаб қанчалик обод ва чароғон бўлса, жамият ҳаёти шунчалик фаровон, мазмунли ва маърифатли бўлади. 

Айниқса, кўплаб мактаб битирувчилари мамлакатимиздаги нуфузли олий ўқув юртлари билан бирга хориждаги етакчи университетларга юқори балл билан ўқишга кираётгани, ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиб, Янги Ўзбекистон тараққиётига улкан ҳисса қўшаётгани ҳаётимизда мактабнинг, устоз-мураббийларнинг аҳамияти янада ортиб бораётганини кўрсатади. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2023 йил 30 апрелдаги умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилди. Ушбу нормалар мамлакатимиз ўқитувчиларининг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланишига, уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилмоқда.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech