Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари уйида Россия олимлари қаламига мансуб "Ўтмишдан келажак сари: замонавий дунёда инсон ҳуқуқлари" номли монографиянинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу асар Россия давлат гуманитар университетининг Мерос ва замонавий жамият институти томонидан нашр этилган.
Тақдимот Россия Федерацияси Президентининг маслаҳатчиси, Президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев раҳбарлигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ўтказилди.
Тақдимотда ҳар икки мамлакатнинг етакчи давлат ва илм-фан арбоблари, давлат органлари, академик доиралар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари офлайн тарзда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда вилоят марказларидаги ахборот-кутубхона марказлари ходимлари онлайн шаклда иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда юридик адабиётнинг ўрни ўта муҳимлигини таъкидлади. Инсон ҳуқуқлари уйида "Россия ва инсон ҳуқуқлари" бурчаги очилганини эълон қилди.
Ушбу бурчак Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Патрис Лумумба номидаги Россия халқлар дўстлиги университети Юридик институти каби ташкилот ҳамда муассасалар тақдим этган китоблар ҳисобига ташкил этилди.
Россия Президентининг маслаҳатчиси Валерий Фадеев қайд этганидек, ушбу ташаббус Россиянинг ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш тизими ҳақидаги билимларни тарқатиш, шунингдек, касбий алоқалар ва давлатлараро инсон ҳуқуқлари мулоқотини мустаҳкамлашга қаратилган. Зеро, бугунги кунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари муҳокамасини биргина анъана ёки мафкура доираси билан чеклаб бўлмайди – тез ўзгараётган дунёда ривожланишнинг янги йўлларини таклиф эта оладиган кенг қамровли цивилизациялараро мулоқот зарур.
Сўзга чиққанлар монография фундаментал тадқиқот ҳисобланишини қайд этди. Китобда инсон ҳуқуқлари ғоялари Россия жамиятининг анъанавий қадриятлар тизимига қандай кириб келгани, бошқа ҳуқуқий ва маданий анъаналарга нисбатан қандай ривожланаётгани ҳамда глобал муаммолар шароитида ижтимоий ҳуқуқлар нечоғлик муҳим аҳамият касб этаётгани илмий, назарий ва амалий жиҳатдан чуқур таҳлил қилинган.
Тақдимотда икки мамлакат ўртасидаги мулоқотни давом эттириш ва янги босқичга кўтариш муҳимлигига эътибор қаратилди. Гуманитар соҳадаги қўшма лойиҳаларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Тақдимот доирасида делегация аъзоларига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан нашр этилган янги китоблар, қўлланма ва журналлар тақдим этилди.
Н.Абдураимова, А.Алижонов (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 03.10.2025
- Кўришлар: 157
- Чоп этиш