“Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик”: янги Миллий ҳаракатлар режаси муҳокама қилинди

6 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” тўғрисидаги 1325-сонли резолюцияси қоидаларини амалга ошириш бўйича 2026–2030 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган миллий маслаҳатлашув бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари бўйича мувофиқлаштирувчиси, шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Муҳокамаларда 2022–2025 йилларда амалга оширилган Миллий ҳаракатлар режаси доирасида эришилган ютуқлар сарҳисоб қилиниб, янги давр учун устувор вазифалар белгиланди. Янги ҳужжат аёлларнинг тинчлик жараёнларида фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, гендер тенгликни чуқурлаштиришга қаратилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очар экан, БМТнинг 1325-сонли резолюцияси Ўзбекистонда гендер сиёсатини ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Айниқса, аёлларнинг тинчлик ва хавфсизлик жараёнларида самарали иштирокини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани алоҳида қайд этилди.

Тадбирда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари бўйича мувофиқлаштирувчиси  Антти Карттунен, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича котибият мудири Байрамгул Айимбетова ҳам иштирок этди ва сўзга чиқди.

Маслаҳатлашувлар давомида бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. Жумладан:

  • 2022–2025 йилларда эришилган натижалар – хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилган ишлар;

  • Ўзбекистоннинг “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” индекси ва устувор йўналишларида эришган натижалари;

  • ички ишлар органлари, прокуратура ва фавқулодда вазиятлар тизимидаги гендер хавфсизлик механизмларини кучайтириш – аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш амалиётлари;

  • кибермакон хавфсизлиги – аёлларнинг рақамли таҳдидлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш масалалари;

  • фуқаролик жамияти институтлари иштироки, яъни аёллар масалаларида қарор қабул қилиш жараёнида нодавлат секторининг ўрни каби масалалар таҳлили алоҳида эътибор марказида бўлди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директорининг ўринбосари Дилноза Муратова янги Миллий ҳаракатлар режасининг асосий устувор хусусиятларига тўхталди. Унинг тақдимотига кўра, ҳужжат:

  • можароларнинг олдини олишда аёллар иштирокини кенгайтириш;

  • зўравонликка қарши самарали кураш;

  • гендер масалаларида аҳолининг хабардорлигини ошириш;

  • кибермакон хавфсизлигини кучайтириш;

  • фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларини қамраб олган.

Шунингдек, иштирокчилар кичик гуруҳларда ишлаш орқали миллий ҳаракатлар режаси бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Муҳокамалар якунида иштирокчилар янги миллий ҳаракатлар режаси гендер тенгликни мустаҳкамлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилгани ҳақида якдил фикр билдирдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech