Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов жорий йилнинг 3-4 октябрь кунлари бўлиб ўтган Тўртинчи Қозон халқаро ҳуқуқшунослик форумида онлайн иштирок этди. Форум ташкилотчилари Татаристон Республикаси Ҳукумати ва Давлат Кенгаши, Қозон шаҳар ҳокимлиги, Россия Юристлар ассоциацияси ҳамда Қозон федерал университети ҳисобланади.
Қозон халқаро ҳуқуқшунослик форуми дастлаб 2022 йилда ҳуқуқ, иқтисодиёт ва бизнес соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган. Форумнинг асосий вазифаси бизнес, жамият ва давлатнинг сифатли ривожланишига таъсир кўрсатувчи ҳуқуқий муносабатлар соҳасидаги асосий муаммолар ва тенденцияларни аниқлаш ҳамда таҳлил қилишдан иборат.
Форум ишида ҳар йили Россия ва хорижий давлатларнинг юқори мансабдор шахслари, жаҳоннинг ҳуқуқ, иқтисодиёт ва халқаро муносабатлар соҳасидаги етакчи экспертлари, дунёдаги йирик компанияларнинг юридик бўлинмалари раҳбарлари, халқаро ҳуқуқшунослик ҳамжамияти вакиллари фаол иштирок этади.
Бу галги Форум ялпи мажлиси "Ҳуқуқ даври: кўп қутбли дунёда универсал тил излаб" мавзусига бағишланди. Халқаро анжуман майдони ҳокимият органлари, йирик компаниялар раҳбарлари, ҳуқуқшунос олимлар, таниқли жамоат ва давлат арбоблари, бизнес вакилларини бирлаштирди. Форум ишида БРИКС ва МДҲ давлатлари, шунингдек, Эрон, Франция, Бирлашган Араб амирликлари каби жами 28 мамлакатдан 1500 дан ортиқ вакил ҳамда Россиянинг 70 дан ортиқ шаҳридан мутахассислар қатнашди.
Иштирокчилар Форумнинг аҳамиятини алоҳида таъкидладилар. Айниқса, Қозон ҳуқуқшунослик мактаби ва Татаристон вакилларининг федерал даражадаги фаол юридик фаолияти муносиб эътироф этилди. Хусусан, Татаристон Давлат кенгаши ва республика Адлия вазирлиги маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тўғрисидаги қонунни янгилаш борасида катта ишларни амалга оширгани қайд этилди.
Халқаро ва миллий ҳуқуқ ўртасидаги муносабат, ҳуқуқий муҳандислик ва тартибга солишнинг янги моделлари халқаро юридик анжуман мунозарасининг асосий масалаларига айланди. Форумда сўзга чиққан Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқшунослик институти директори, академик Талия Хабриеванинг фикрича, ҳуқуқ миллий анъаналар ва барқарорликни сақлаб қолган ҳолда рақамлаштириш ва сунъий интеллект муаммоларига жавоб бериши керак.
Иштирокчилар, шунингдек, қонунчиликнинг янги тенденцияларини таҳлил қилдилар. Минтақавий ва федерал институтлар тажрибаси билан ўртоқлашилди, жамият ва иқтисодиётни тартибга солишнинг замонавий механизмлари атрофлича муҳокама қилинди.
Қозон Ратушасида IV Қозон халқаро ҳуқуқшунослик форуми доирасида Татаристон Давлат Кенгашининг 30 йиллигига бағишланган махсус парламент анжумани ўтказилди. Тадбир "Парламентлараро ҳамкорлик вакиллик ҳокимиятини ривожлантириш омили сифатида" деган мавзу бўйича ташкил этилди.
Унда Россия минтақалари вакиллари ва хорижий делегациялар иштирок этди. Сессия қатнашчилари парламентлараро ҳамкорликнинг самарали тажрибаларини, жумладан, қўшма иқтисодий лойиҳалар, маданий алмашинувлар ва таълим ташаббусларини кўриб чиқдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов IV Қозон халқаро ҳуқуқшунослик форуми доирасидаги учта секция ишида маъруза қилди. Бу ўринда “Парламентлараро ҳамкорлик вакиллик ҳокимиятини ривожлантириш омили сифатида”; “Қозон ҳуқуқшунослик мактаблари: профессор В. Лазарев хотирасига бағишланган назарий-ҳуқуқий мемориал”; “Замонавий дунё тартибига мавжуд таҳдидлар шароитида тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда халқаро ҳуқуқнинг роли (Ғалабанинг 80 йиллиги ва БМТ 80 йиллиги муносабати билан)” номли секциялар ҳақида сўз бормоқда.
Ўзбекистон вакилининг маърузаларида мамлакатимизда конституциявий қурилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, "Ўзбекистон - 2030" тараққиёт стратегиясининг ижроси, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Форум иштирокчилари Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги ташаббусларига оид ахборотга катта қизиқиш билдирдилар.
Форумда нотиқлар ва экспертлар замонавий ҳуқуқ масалалари бўйича ўзаро тажриба ва фикр алмашдилар. Шунингдек, қонунчиликни мониторинг қилиш ва такомиллаштириш, бизнесни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, суғурта ҳуқуқи, банкротлик ва солиқ ислоҳотларининг долзарб масалалари ҳақида сўз юритилди.
Суд журналистикаси, арбитраж ва медиация амалиёти, сунъий интеллектнинг қонунчиликни такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсири муаммоларига чуқур эътибор қаратилди. Қонунчилик ва юридик кадрларни ривожлантириш концепциясини тайёрлашда ҳуқуқшунослик фани ва таълимнинг роли каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 07.10.2025
- Кўришлар: 187
- Чоп этиш