Ҳар йили октябрь ойининг 1-санаси юртимизда Ўқитувчи ва мураббийлар куни, 5-санаси эса бутун дунёда Жаҳон ўқитувчилар куни сифатида нишонланади. Бу саналар устозларнинг фидокорона меҳнатини қадрлаш, уларнинг инсон камолоти ва жамият тараққиётидаги беқиёс ўрнини эътироф этиш учун белгиланган.
Жаҳон ўқитувчилар куни 1966 йили ЮНЕСКО ва Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан қабул қилинган “Ўқитувчиларнинг мақоми тўғрисида”ги тавсияномага асосан белгиланган бўлиб, 1994 йилдан бери нишонлаб келинади. Мазкур ҳужжат ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари, меҳнат шароити ва касбий стандартларини белгилаб берган.
2025 йилги байрам мавзуси – “Ўқитувчиликни ҳамкорликка асосланган касб сифатида қайта кўриш”. Ушбу ғоя ўқитувчилар фаолиятида жамоавий ҳамкорлик, тажриба алмашиш ва ўзаро ёрдамнинг аҳамиятини ёритади. ЮНЕСКО, ХМТ, ЮНИСЕФ ва халқаро таълим ташкилотлари таълим соҳасидаги сиёсат ва амалиётни қайта кўриб чиқиш, ўқитувчиларнинг касбий ҳамкорлигини кучайтиришга чақирмоқда. Мазкур ташкилотлар раҳбарларининг қўшма баёнотида шундай дейилган:
“Фақат самарали ҳамкорлик орқали биз инклюзив ва барқарор таълим тизимини ярата оламиз”.
1996 йил 27 декабрда қабул қилинган “Ўқитувчи ва мураббийлар кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида белгиланган.
Юртимизда сўнгги саккиз йилда таълим ва илмфанга ажратилган маблағлар 6 баробар оширилиб, 378 трлн сўмга етди. Юзлаб янги боғчалар, мактаблар, техникум ва олийгоҳлар барпо этилди. Боғчалар сони 5200 тадан 38 мингтагача кўпайди, қамров даражаси 27 фоиздан 78 фоизга ошди.
Педагогларни рағбатлантириш учун қатор имтиёзлар жорий этилмоқда:
-
15 йил стажга эга олий тоифали ўқитувчилар ипотека бошланғич бадалининг 25 фоизини давлат ҳисобидан қоплайди;
-
педагог фарзандларининг олийгоҳ контрактига 30 фоиз чегирма берилади;
-
10 миллион сўмгача имтиёзли компьютер кредити ажратилади;
-
дунёдаги ТОП300 университетларга ўқишга кирган бўлғуси педагоглар 20 минг АҚШ долларигача таълим кредити олади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52моддасида ҳам ўқитувчи меҳнати жамият тараққиётининг асоси сифатида эътироф этилган. Асосий қонунда давлат уларнинг шаъни ва фаровонлиги ҳақида ғамхўрлик қилиши белгилаб қўйилгани бу касбга бўлган юксак эътиборнинг ёрқин далилидир.
Ўқитувчи – миллат маънавияти устуни, билим чироғини ёқувчи ва келажакка пойдевор қўювчи инсон. Бу каби чоратадбирлар устозлик касбини яна жамиятдаги энг нуфузли ва шарафли касблардан бирига айлантиришга хизмат қилади.
Фарҳод ҲАЙИТБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи
«Iste’mol madaniyati» газетасининг 2025 йил 9 октябрь кунги 18 (210)-сони
- Қўшилди: 10.10.2025
- Кўришлар: 93
- Чоп этиш