Миллий почта тизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар

9 октябрь – Бутунжаҳон почта куни

Ҳар йили 9 октябрь куни дунёнинг кўплаб давлатларида Бутунжаҳон почта куни нишонланади. Ушбу сана 1969 йилда Токиода ўтказилган конгрессда таъсис этилган. Бундан кўзланган мақсад замонавий дунёда почта хизматларининг аҳамияти, уларнинг жамият ва иқтисодиёт ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, инсоннинг эркин ахборот тарқатиш ва қабул қилиш ҳуқуқини эътироф этишдан иборат.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош мутахассиси Мусажон КАРИМОВ Янги Ўзбекистонда миллий почта тизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталди.

– Асрлар давомида почта алоқаси инсонлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотнинг асосий воситаси бўлиб келган, – деди Мусажон Каримов. – Узоқ масофаларга хабар юбориш эҳтиёжидан пайдо бўлган почта бугунги кунда бутун дунё бўйлаб одамларни бирлаштирувчи энг муҳим алоқа воситасига айланди. 1874 йилда Бутунжаҳон почта иттифоқининг ташкил этилиши почта алоқаси тарихидаги муҳим босқич бўлди. Тезкор ва ишончли ахборот алмашиш учун глобал тармоқ шаклланди.

БМТ сингари халқаро ташкилотлар нафақат почта хизматлари стандартларини қўллаб-қувватлаб, уларни тарғиб қилади, балки почта алоқасининг асосий инсон ҳуқуқларини, жумладан, ахборот олиш ва фикр билдириш эркинлиги ҳуқуқини ҳам ҳимоя қилади. Бу БМТнинг 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамланган бўлиб, унда ҳар бир инсон ҳар қандай қонуний восита орқали ахборотни эркин излаш, қабул қилиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга экани таъкидланган.

Почта инсон ҳуқуқларининг асосий қисми бўлган муҳим маълумотларни олиш имконини берувчи восита ҳисобланади. Бу, айниқса, чекка ва кам ривожланган ҳудудларда яшовчи, интернетга кириш имконияти чекланган одамлар учун жуда муҳимдир. Почта хизматлари инфратузилмаси чекланган ҳудудларда расмий ҳужжатлар, хатлар, тиббий буюмлар, дори-дармонлар ҳақидаги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муҳим маълумотларни етказиб беришда катта аҳамиятга эга.

БМТ, ЮНИСЕФ ва ЖССТ каби халқаро ташкилотлар инсон ҳуқуқлари, шунингдек, гуманитар ёрдам тўғрисидаги муҳим маълумотларни тарқатиш учун почта хизматларидан фаол фойдаланмоқда. Можаролардан кейинги ҳудудларда ёки инсон ҳуқуқлари бузилаётган минтақаларда почта хизмати кўпинча инсонпарварлик ёрдами, тиббий материаллар ва бошқа ҳаётий муҳим маълумотларни юбориш учун асосий алоқа воситасига айланади.

Масалан, COVID-19 пандемияси пайтида Жаҳон почта иттифоқи вакциналар ва тестлар каби тиббий дори-дармонлардан фойдаланишни таъминлашда муҳим роль ўйнади. Бу почта инфратузилмаси нафақат алоқа воситаси, балки ҳаёт ва соғлиқни сақлаш ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг элементи эканлигини кўрсатди.

Келгуси йилларда почта рақамли жамиятнинг ажралмас қисмига айланиши кутилмоқда, у инсон ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш учун электрон почта қутилари, ҳимояланган почта хизматлари ва такомиллаштирилган етказиб бериш тизимлари каби инновацион ечимларни таклиф этади.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда миллий почта тизимини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Почта хизматларини модернизация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар қишлоқ жойларда иқтисодий ривожланиш ва фуқароларнинг турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Жумладан, почта хизматларини бошқариш ва ривожлантиришга хусусий компаниялар фаол жалб этилмоқда. Бу инновацион ечимларни жорий этиш, рақобатбардошликни ошириш ва мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш имконини бермоқда. Хусусий операторлар янги технологиялар ва тажрибаларни жорий этиб, инфратузилмани модернизация қилишга ҳисса қўшмоқда. Хат ва жўнатмаларни анъанавий етказиб беришдан ташқари, қўшимча курьерлик, молиявий ва ҳужжатларни қайта ишлаш хизматлари жорий этилмоқда. Бу почта бўлимларини аҳолининг турли эҳтиёжларини қондирадиган кўп функцияли марказларга айлантиради.

Ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири – электрон тижоратни, айниқса, қишлоқ жойларда қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдир. Жумладан, онлайн савдо инфратузилмасини яратиш, маҳаллий тадбиркорларни ўқитиш, почта хизматларини электрон тижорат платформалари билан интеграция қилишга урғу берилмоқда. 

Жўнатмаларни қайта ишлаш ва саралашнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш – етказиб бериш жараёнини сезиларли даражада тезлаштириш, харажатларни камайтириш ва инсон омилини минималлаштириш имконини беради. Бу эса почта тизимининг умумий самарадорлигини оширади ва мижозлар учун етказиб бериш муддатларини яхшилайди.

Бугунги кунда турли хил почта ва тижорат хизматларини ягона рақамли платформага бирлаштирадиган миллий онлайн бозорни ишга тушириш режалаштирилган. Бу – хизматлардан фойдаланишни осонлаштиради, буюртмаларни ва тўловларни онлайн амалга ошириш имконини беради, шунингдек, етказиб беришни бошқариш ва пакетларни кузатиш учун қулай интерфейсни таъминлайди.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган почта тизимидаги ислоҳотлар фуқароларнинг эҳтиёжларини қондириш ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қодир бўлган замонавий почта тизимини яратишга қаратилган. Ислоҳотлар самараси эса амалда ҳам ўз аксини топиб, аҳолининг қулай ва тезкор почта хизматларидан фойдаланиши таъминланмоқда.

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech