Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари таъминланиши мавзусидаги мақоласи (https://diplomaticwatch.com/uzbekistan-2030-advancing-human-rights-religious-freedom-and-democratic-values/) АҚШнинг “The Diplomatic Watch” нашрида чоп этилди. Мақолада асосий эътибор кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган қамровдор ислоҳотлар самараларидан Америка жамоатчилигини хабардор этишга қаратилган.
Бу ҳақда сўз борганда, даставвал, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессияси тадбирларида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрига ташриф буюрганини таъкидлаш лозим. Давлатимиз раҳбари АҚШга ана шу тарихий ташрифи чоғида Бош Ассамблеянинг умумсиёсий мунозараларда сўзга чиқиб, БМТнинг энг долзарб глобал муаммоларни ҳал этиш учун асосий платформа сифатидаги ўрнига, шунингдек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларга алоҳида тўхталди.
Ўзбекистон етакчиси халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик энг долзарб масалаларни ҳал этиш, тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Шавкат Мирзиёев, шунингдек, БМТ Бош котиби А.Гутерриш, Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён, Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн, Чехия Республикаси Президенти Петр Павел, Албания Президенти Байрам Бегай, шунингдек, ХВФ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева, Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга ва Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконджо-Ивеала билан ҳам музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон раҳбарининг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашуви ташрифнинг марказий воқеаси бўлди. Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон Президенти АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни, АҚШ Конгрессидаги "Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус" раиси, конгрессмен Трент Келли ҳамда Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони, генерал-майор Бобби Жинни қабул қилди.
Муҳокамалар асносида Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, шу жумладан парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Парламентлараро мулоқот ва алмашинувлар жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Мулоқотлар чоғида эътироф этилганидек, АҚШ Конгресси Сенати ва Вакиллар палатаси аъзолари Ўзбекистонга мунтазам ташриф буюрмоқда. "Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус" фаол ишламоқда, унинг таркиби кенгаймоқда. Конгрессда ҳар йили икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган Ўзбекистон кунлари ўтказиб келинмоқда.
Ташрифнинг ишбилармонлик дастури ҳам сермазмун бўлди. Ўзбекистон етакчиси АҚШ ишбилармонлари иштирокида давра суҳбати, шунингдек, қатор етакчи трансмиллий компаниялар, корпорациялар, инвестиция фондлари ва молиявий институтлар – "Traxys", "FLSmidth", "McKinsey", "Go Green Partners", Колорадо геология мактаби, "BlackRock", "Boeing Global", "Franklin Templeton", "Citigroup", "Air Products", "BNY", "Jefferies", "NASDAQ", "Oppenheimer", "Air Products" ва бошқа кўплаб компаниялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Учрашув ва музокаралар натижасида ўрта муддатли лойиҳалар дастури шакллантирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва АҚШ Президентининг махсус вакили Сержио Гор ҳузурида муҳим минераллар, фуқаро авиацияси, кимё саноати, энергетика ва бошқа устувор соҳаларда имзоланган икки томонлама савдо шартномалари ва инвестиция битимларини алмашиш маросими бўлди.
Америка Қўшма Штатларига ташрифи якунида давлатимиз раҳбари, анъанага кўра, АҚШда ишлаётган ва яшаётган бир гуруҳ ватандошларимиз, шунингдек, Американинг етакчи университетларида таҳсил олаётган "Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендиатлари билан учрашди.
Президентимиз БМТ минбаридаги нутқи якунида эътироф этганидек, “Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдоридир. Биз халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссамизни қўшишга доим тайёрмиз”.
Шу нуқтаи назардан, А.Саидовнинг АҚШ матбуотида эълон қилинган мақоласида бугунги кунда мамлакатимизда демократиянинг замонавий ва инсон ҳуқуқлари мезонларига жавоб берадиган барқарор сиёсий тизими барпо этилгани ҳамда қонун чиқарувчи, ижро этувчи органлар ва барча даражадаги суд ҳокимияти фаол ишлаётганига урғу берилганини таъкидлаш лозим. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 19-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади.
Янги Ўзбекистонда Конституцияга ва мамлакат қонунларига ҳурмат туйғуси кучаймоқда, “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” устувор принципи ҳаётда ўз тасдиғини топмоқда. Мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига 50 дан ортиқ миллий маъруза ўз вақтида тақдим этилиши таъминланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.10.2025
- Кўришлар: 98
- Чоп этиш