Миллий марказда ёш олимлар билан давра суҳбати

10 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ёш олимларнинг давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу мулоқот “БМТ 80-сессиясида глобал чақириқлар шароитида Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш тажрибаси” мавзусига бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги ташаббуслари доирасида фикр юритилди. Хусусан, инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш жараёнларига таъсир кўрсатаётган янги глобал чақириқлар атрофлича муҳокама қилинди.

Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик ва институционал асосларни такомиллаштириш, таълим тизимини ислоҳ қилиш ва барча учун сифатли таълим имкониятларини кенгайтириш, гендер тенгликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давра суҳбатида, шунингдек, жамиятда очиқлик ва шаффофликни кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ҳам таҳлил этилди.

Қизғин мулоқотларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети докторантлари ва мустақил тадқиқотчилари қатнашдилар.

Давра суҳбати қизғин ва муҳокамаларга бой тарзда ўтди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech