Миллий марказ ходимларининг Самарқанд саёҳати

11 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан Миллий марказнинг бир гуруҳ ходимлари учун кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига маданий-маърифий саёҳат ташкил этилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги “2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида амалга оширилди.

Жамоа аъзолари эрта тонгда “Афросиёб” тезюрар поезди билан Самарқанд шаҳрига етиб боргач, дастлаб Ватанимиз меъморий санъати дурдонаси бўлмиш Регистон майдонини томоша қилдилар. Бу ерда зиёратчилар Мирзо Улуғбек, Тиллакори ва Шердор мадрасаларининг тарихий аҳамияти, ушбу тарихий обидаларда кейинги даврда амалга оширилган таъмирлаш ишлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.

Саёҳатчилар кун давомида Самарқанднинг кўплаб машҳур зиёратгоҳлари ва маданий масканларига боришди. Бибихоним масжиди ва мақбараси, Сиёб бозори, Шоҳи Зинда меъморий мажмуаси, Ҳазрати Хизр масжиди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбараси шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, Миллий марказ жамоаси буюк шоҳ, олим ва мунажжим Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳамда музейини ҳам томоша қилдилар. Улуғ аждодимизнинг  жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақидаги қизиқарли маълумотлар зиёратчиларга ғоят манзур бўлди.

Саёҳат сўнгида Амир Темур мақбараси зиёрат қилинди. Буюк Соҳибқирон аждодимизнинг сўнгги манзилгоҳида жамоамиз аъзолари Амир Темур ва Темурийлар сулоласи тарихига доир янада янги маълумотлар билан яқиндан танишдилар.

Саёҳат иштирокчилари учун ушбу кун ёдда қоларли таассуротларга бой бўлди. Ҳамкасбларимиз сафардан бемисл ижобий руҳ ва ўзаро бирдамлик кайфияти билан қайтдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech