Янги Ўзбекистонда аёл зоти – эҳтиромда, соғлом ва аҳил оилалар – эъзозда

15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни

 

Буюк шахсни буюк она тарбиялайди, дейди донишларимиз. Буюк оналарни тарбиялаш эса оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг муҳитига бевосита боғлиқдир. Она ҳурмат топган оилада фарзанд ҳам оқил бўлиб ўсади.

Дунёнинг бошқа мамлакатлари қатори юртимизда ҳам яна бир умумбашарий байрам – Халқаро қишлоқ аёллари куни нишонланмоқда. Бинобарин, БМТ Бош Ассамблеяси 2007 йил 18 декабрда қабул қилган "Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг аҳволини яхшилаш тўғрисида"ги резолюцияга мувофиқ, 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни деб эълон қилинган.

БМТ мазкур санада қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи аёлларнинг муаммоларига эътибор қаратишга чақиради. Бу ўринда, албатта, қишлоқ аёлларининг таълим олиши, меҳнат қилиши, фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоялаш, гендер тенгликни таъминлаш масалалари назарда тутилмоқда.

Ушбу халқаро сананинг таъсис этилиши бежиз эмас. Чунки бугунги кунда қишлоқ аёллари дунё аҳолисининг тўртдан бир қисмини ташкил қилади. Улар озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда, қишлоқларни барқарор ривожлантиришда етакчи ўрин тутиб келмоқда. Бундан ташқари, улар болалар, кексалар ва касалларга ғамхўрлик қилишдек олийжаноб ишларни ҳам бажаришади.

Жаҳон қишлоқ хўжалиги тизимида қишлоқ аёлларининг ўрни беқиёсдир, улар қишлоқда ишчи кучининг муҳим қисмини ташкил этади ва улар қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва унинг хавфсизлигида муҳим ўрин тутади. Шу маънода, Халқаро қишлоқ аёллари кунининг асосий мақсади қишлоқ аёлларининг қимматли меҳнатини эътироф этиш ва уларнинг мавжуд муаммоларига жаҳон ҳамжамиятини эътиборини қаратишдир.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, айни санани нишонлаш ташаббуси илк бор БМТнинг 1995 йилда Пекинда ўтказилган 4-Аёллар анжуманида илгари сурилган. Ҳар йили Халқаро аёллар куни билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирлари давомида қишлоқ хўжалигининг ривожланиб бориши, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқларнинг ободлиги ва фаровонлигини оширишда аёлларнинг қўшаётган ҳиссаси ва ўрнига алоҳида эътибор қаратилади.

Ушбу халқаро сана доирасида мамлакатимиз қишлоқларида истиқомат қилувчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар ҳамда маданий-маърифий, тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда.  Бундай тадбирларда қишлоқларда истиқомат қилувчи хотин-қизлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи фильмлар намойиш қилиниб, куй-қўшиқлар ижро этилмоқда.

Шунингдек, маҳалла ва хотин-қизлар фаоллари “Аёллар дафтари” рўйхатида турган опа-сингилларимизнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг яшаш шароитини ўрганмоқда. Эҳтиёжманд оилалар ва хотин-қизларга моддий-маънавий кўмак берилмоқда.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бутун дунё мамлакатлари учун долзарб бўлган ташаббусларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан мунтазам илгари суриб келмоқда. Миллий, минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга ушбу ташаббуслар нафақат юртимиз, балки жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг гендер тенглик ва хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш масаласига алоҳида юксак эътибори ҳам шундай муҳим ташаббуслар сирасига киради. Мамлакатимизда кейинги йилларда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида эришилган ютуқлар дунё аҳли ибрату намуна олишига муносибдир.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистон ва БМТнинг бу борадаги мақсад-муддаолари муштарак. Зеро, гендер тенглик, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларининг асосий тамойилларидан биридир. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш таъбири билан айтганда, қаердаки сиёсий ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар фаол иштирок этаётган бўлса, ўша жойда иқтисодиёт ўсмоқда, барқарорлик мустаҳкамланмоқда ва фуқароларнинг фаровонлиги юксалмоқда.

Бинобарин, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларга мос ҳолда, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини янада ошириш, иззат-икромини жойига қўйиш борасида дадил одимлар  қўйилди. Зотан, аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш шарқона хислат, халқимизга хос хусусиятдир.

Муҳими, бу борадаги самарадор ишлар изчил давом эттирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг 25-мақсадида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлашга доир муҳим чора-тадбирлар белгилангани айни фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Аввало, “Масъулиятли  ота-оналик”  лойиҳаси  ишлаб  чиқилгани катта эътиборга лойиқ. Нега деганда, инсонга одамийлик, яхши хулқ, таълим-тарбия ва умуман, ижобий хислатларни ўргатувчи мактаб оила ҳисобланади. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол бор. Демак, тарбия оиладан бошланади ва биринчи тарбиячи ота-онадир.

Давлат дастури доирасида, шунингдек, хотин-қизларни  меҳнат бозорида рақобатбардош касб-ҳунар турларига ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бизнесини кенгайтириш истагидаги хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини  рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда. Хотин-қизларнинг ахборот-коммуникация технологиялари, инновациялар борасидаги қизиқишларини ошириш, уларни “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига жалб этиш учун имкониятлар яратилмоқда.

Мамлакатимизда Хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур изчиллик билан бажарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Миллий дастурни 2024–2025 йилларда амалга оширишга қаратилган Комплекс чора-тадбирлар дастурининг 18-бандида Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция асосида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ижросини ўрганиш вазифаси белгиланган.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида тузилган масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан яқинда танлов асосида белгиланган турли ҳудудлар ва маҳаллаларда, хусусан, Навоий, Андижон ва Фарғона вилоятларида мониторинг тадбирлари амалга оширилди. Бундай мониторинг тадбирларидан мақсад юртимиз ҳудудларида хотин-қизларга берилган кенг ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланиш ҳолатини яхшилаш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, аёлларнинг ижтимоий, меҳнат ва соғлиқни сақлашга оид ҳуқуқларини эркин рўёбга чиқариш, шунингдек, уларни ҳар қандай камситиш ҳолатларига йўл қўймасликдан иборатдир.

 Ҳозирги вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг 27 фоизи, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 32,6 фоизи аёллардан иборат. Бу билан Миллий парламентлар бўйича халқаро рейтингда Ўзбекистон парламентдаги хотин-қизлар салмоғи бўйича жаҳоннинг 193 давлати орасида 34-ўринга кўтарилди.

Ўзбекистон хотин-қизларининг давлат бошқарувидаги улуши 35, тадбиркорлик соҳасида 45, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди. Юз минглаб аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Олий таълим муассасаларида таълим олаётган қизлар сони 6 баробар кўпайиб, таълим олаётган талабаларнинг ярмидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Юртимизнинг оқила, ораста, ишбилармон ва тадбиркор аёллари ўз билим ва тажрибаси, малакаси ҳамда маҳорати боис фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаларида ҳам етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Айниқса, ҳаётимизда борган сари муҳим аҳамият касб этаётган янги соҳа ва тармоқлар тараққиётини, юқори технологияларга асосланган замонавий соҳалар, илм-фан, тиббиёт, таълим ва тарбия, маданият ва санъат каби илғор жабҳаларни аёлларнинг иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Буларнинг барчаси, шубҳасиз, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш ва уларнинг давлат функцияларини тартибга солишга қўшган ҳиссасини ошириш бўйича фаол ишлар ўз самараларини бераётганидан далолатдир.

Аслида, бундай изчил ва узвий сиёсат замирида халқимизнинг барча орзу-ҳаваслари, ҳаётининг мазмуни бўлган баркамол фарзандларимизни бағрида ардоқлаб, эзгу фазилатлар руҳида камолга етказадиган аёл зотини улуғлаш, соғлом ва аҳил оилани эъзозлашдек эзгу мақсад ўз мужассамини топган.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech