15 октябрда "Фарғона водийси: тинчлик ва тараққиёт йўлида бирдамлик" мавзусида Фарғона тинчлик форумининг биринчи йиғилиши ўз ишини бошлади. Икки кун давомида Фарғона халқаро мулоқот ва ҳамкорлик марказига айланади.
Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Прогрессив ислоҳотлар маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти ҳамда тинчлик ва ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш масалаларига ихтисослашган нуфузли халқаро тузилмаларни бирлаштирувчи платформа – Тинчликни барпо этиш хаби билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбир, шунингдек, Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ташаббуслар миллий институти, Тожикистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази, Тожикистон Миллий фанлар академиясининг Осиё ва Европа мамлакатлари муаммоларини ўрганиш институти билан ҳамкорликда БМТ ва Европа Иттифоқи кўмагида ўтказилмоқда.
"Дунё" АА мухбири хабар беришича, анжуманда Марказий Осиё, МДҲ, Осиё, Европа ва Америка мамлакатларидан 300 дан ортиқ иштирокчи қатнашяпти. Фахрий меҳмонлар қаторида БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс, ЕХҲТ Низоларнинг олдини олиш маркази директори Кейт Фирон, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) бош котиби Қайрат Сарибай, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) бош котиби ўринбосари Хан Сохайл, БМТнинг Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги доимий координаторлари бор.
Фарғона тинчлик форумининг асосий ўзига хос жиҳати, яъни инклюзив характерини намоён этган ҳолда, тадбирда фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ва аёллар ташкилотлари, эксперт ҳамда академик доиралар вакиллари жам бўлган. Шунингдек, тинчлик ўрнатиш соҳасидаги етакчи халқаро ташкилотлар, жумладан, Германиянинг Бергхоф жамғармаси, Мартти Ахтисаари номидаги Финляндия тинчлик жамғармаси, Швейцариянинг PeaceNexus жамғармаси, Стокгольм тинчлик муаммоларини ўрганиш халқаро институти (Швеция) намояндалари қатнашмоқда.
Форумда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси Акмал Саидов ҳам иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, "Марказий Осиёда ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган низолар, можаролар даври ўтмишда қолди. Кейинги йилларда минтақамизда ўзаро товар айирбошлаш, сармоя ва транспорт ҳажми 5 баробар ошди. Мамлакатимизда қўшма инвестиция фондлари, чегара савдоси ва саноат кооперацияси, йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда", деб таъкидлагани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, "бугунги кунда Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди. Ўзининг жипслиги, барқарорлиги ва ўсиб бораётган минтақавий ўзига хослиги билан халқаро муносабатлар тизимида мустақил субъект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда".
Форумнинг асосий мақсади мулоқот, ўзаро ишонч, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва Фарғона водийсини ривожлантиришнинг умумий стратегиясини ишлаб чиқиш учун доимий фаолият юритувчи платформани яратишдан иборат. Тадбир кун тартибидан Фарғона водийсининг барқарорлиги ва изчил ривожланишини таъминлаш, унинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, хусусий сектор, ёшлар ва фуқаролик жамиятининг ролини кенгайтириш масалалари ўрин олган.
СМТИ директори Элдор Арипов мазкур Форумнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр билдирар экан, "Фарғона водийсида тинчлик Ўзбекистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси, шунингдек, мавжуд тафовутларни ўзаро ҳамкорлик ва куч манбаига айлантира олган маҳаллий ҳамжамиятларнинг фидокорона саъй-ҳаракатлари натижасида таъминланди", деб қайд этди. Ўзбек экспертининг фикрича, "Фарғона форуми Фарғона водийсини тинчлик, тотувлик ва кенг имкониятлар макони сифатида янги қиёфада намоён этишга қаратилган бўлиб, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ҳамда халқлар ўртасидаги бирдамлик минтақанинг барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлашга қодир эканини кўрсатади".
Фарғона тинчлик форуми шафелигида қирғизистонлик ҳамкорлар ва Тинчликни барпо этиш хаби кўмагида илк бор "Интимак куни" (Бирдамлик куни) ташкил этилади.
Форумдан кутилаётган натижалар қаторида Фарғона водийсини дўстлик, яхши қўшничилик ва барқарор ривожланишнинг ягона макони сифатида шакллантиришга даъват этувчи Коммюнике қабул қилиниши ҳам назарда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.10.2025
- Кўришлар: 135
- Чоп этиш