2025 йил 24 октябрь куни Тошкент шаҳрида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” тўғрисидаги 1325-сонли резолюцияси қоидаларини амалга ошириш бўйича 2026–2030 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган миллий маслаҳатлашув бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Маслаҳатлашувда 2022–2025 йилларда амалга оширилган Миллий ҳаракатлар режаси доирасидаги ютуқлар таҳлил қилинди, шунингдек, янги давр учун устувор вазифалар белгилаб олинди. Янги ҳужжат аёлларнинг тинчлик жараёнларидаги фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳамда гендер тенгликни чуқурлаштиришга қаратилган.
Тадбирда жами 27 нафар иштирокчи қатнашди. Иштирок этган ташкилотлар қаторида: Давлат сиёсати ва бошқарув академияси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Божхона қўмитаси, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Солиқ қўмитаси, Маҳаллалар уюшмаси, ҳамда “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти иштирок этдилар.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ёшлар, аёллар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори ўринбосари Дилноза Муратова ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Антти Карттунен очиб бердилар.
Сенат Ёшлар, аёллар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова таъкидлашича, “Янги Ўзбекистонда 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси изчил амалга оширилмоқда. Ўтган йили аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича муҳим қонун қабул қилинди. Кейинги босқичда эса 1325-сонли резолюцияни самарали ижро этиш ва аёлларнинг барча соҳаларда фаол иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.”
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори ўринбосари Дилноза Муратова ҳам БМТнинг 1325-сонли резолюцияси мамлакатимизда гендер сиёсатини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “ушбу ҳужжат хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишини кафолатлайди ҳамда уларнинг тинчлик ва хавфсизлик жараёнларида фаол иштирокини таъминлашни давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилайди.”
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳа мувофиқлаштирувчиси Антти Карттунен таъкидлади, “Ўзбекистон ҳам мазкур жараёнга фаол ҳисса қўшмоқда. ОБСЕ фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, суд тизими ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, бу ‘Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик’ кун тартибини илгари суришга хизмат қилади.”
Шунингдек, тадбирда халқаро экспертлар Малин Палм ва Элизабет Дубан иштирок этдилар. Малин Палм ўз маърузасида “БМТнинг 1325-сонли резолюцияси бўйича Миллий ҳаракат дастури нима учун зарур, унинг самарали хусусиятлари ва Марказий Осиё мамлакатларининг тажрибаси” ҳақида фикр билдирди.
Элизабет Дубан эса Нидерландия, Швеция ва Норвегия каби давлатлар мазкур резолюцияни амалга ошириш борасида етакчи эканини таъкидлаб, “ушбу мамлакатлар ўз тажриба ва ютуқларини иштирокчилар билан баҳам кўрди”, — деди.
Тадбир доирасида интерактив машғулотлар ташкил этилди. Иштирокчилар йўналишлар бўйича тўрт гуруҳга бўлиниб, аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликни олдини олиш, уларнинг тинчлик жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, аҳолининг хабардорлигини ошириш ҳамда киберхавфсизликни таъминлашга оид таклифлар ишлаб чиқдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.10.2025
- Кўришлар: 64
- Чоп этиш
Ўзбекча
English
Русский