БМТ резолюциясини амалга ошириш янги босқичи бошланди

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисида”ги 1325-сонли резолюцияси ижросини таъминлаш мақсадида 2026–2030 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган миллий маслаҳатлашув бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Олий Мажлис Сенати, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Сенатнинг Ёшлар, аёллар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова ўз чиқишида Янги Ўзбекистон стратегиясида 2030 йилгача гендер тенгликни таъминлаш муҳим мақсад этиб белгиланганини, хотин-қизлар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича муҳим қонунлар қабул қилинганини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда 2022–2025 йилларда амалга оширилган Миллий ҳаракатлар режаси доирасидаги ютуқлар таҳлил қилинди, шунингдек, янги давр учун устувор вазифалар белгилаб олинди.

2026–2030 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси аёлларнинг тинчлик жараёнларидаги фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда гендер тенгликни чуқурлаштиришга қаратилган.

Маслаҳатлашув доирасида иштирокчилар тўрт гуруҳга бўлиниб, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, уларнинг тинчлик жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, аҳолининг хабардорлигини ошириш ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқди.

 Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech