Самарқандда гендер тенгликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

4 ноябрь куни ЮНЕСКОнинг 43-сессияси доирасида “Гендер тенгликни кўп томонлама ҳамкорлик орқали ривожлантириш” мавзусида махсус тадбир (Side-event) ўтказилди. Тадбир Самарқанддаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад — гендер тенглик соҳасида халқаро ва минтақавий даражада олиб борилаётган сиёсат, стратегиялар ва амалий фаолиятни мувофиқлаштириш, ЮНЕСКОнинг мандатига кирувчи соҳалар — таълим, фан, маданият, коммуникация ва ахборот технологияларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш борасидаги илғор тажрибаларни оммалаштиришдан иборат. Тадбир, шунингдек, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар ўртасида кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилди.

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республика Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова ҳам иштирок этди ва гендер тенглик, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ушбу ҳуқуқларни амалга ошириш жараёнида миллий ва халқаро механизмларни уйғунлаштириш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Миллий марказ вакили, шунингдек, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган давлат дастурлари, қонунчилик асослари ва амалий тажрибалар ҳақида тўхталди.

Тадбирда ЮНЕСКО вакиллари, ҳукумат аъзолари, халқаро экспертлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда илмий муассасалар вакиллари иштирок этди. Глобал миқёсда гендер тенгликни таъминлаш йўлида юзага келаётган янги чақириқлар ва уларни бартараф этиш стратегиялари юзасидан фикр алмашилди.

Махсус тадбир давомида таълим, фан, маданият ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларида гендер тенгликни илгари суриш бўйича инновацион лойиҳалар ва илғор ташаббуслар тақдим этилди. Иштирокчилар томонидан аёллар ва эркакларнинг илмий тадқиқотларда, инновацион фаолиятда ва бошқарув соҳаларида тенг иштирокини таъминлашнинг долзарблиги, шунингдек, гендер масалаларига оид статистик маълумотларни тизимли йиғиш ва таҳлил қилиш зарурати таъкидланди.

Тадбир якунида гендер тенгликни ривожлантиришда кўп томонлама ҳамкорликнинг ўрни, халқаро институтлар ва миллий тузилмалар ўртасида ўзаро алоқаларни янада чуқурлаштириш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг глобал сиёсий кун тартибида гендер тенглик масалаларини илгари суришда Ўзбекистоннинг фаол иштироки ва илғор тажрибаси юқори баҳоланди.

Иштирокчилар эътироф этганларидек, мазкур тадбир нафақат гендер тенгликни таъминлашга оид глобал саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш, балки бу борада минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги ташаббусларни илгари суриш учун ҳам муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech