“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: ўқув қўлланма” китоби тақдимоти бўлиб ўтди

2025 йил 6 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Инсон ҳуқуқлари уйи”да академик A. X. Саидов ва юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) К. А. Худжамованинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: ўқув қўлланма” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган ушбу маърифий анжуман Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Гулистон давлат университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси вакиллари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидаги юридик техникум ва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги академик лицей талабалари, шунингдек, педагоглар, докторантлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир вилоятлар ахборот-кутубхона марказлари вакиллари учун онлайн намойиш этилди.

Китоб тақдимотини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабаев очиб берди.

Ушбу ўқув қўлланмада касб-ҳунар коллежлари, техникум ва академик лицейлар ўқувчилари учун янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш бўйича керакли барча ўқув-методик материаллар, жумладан маъруза матни, мавзу мазмунини ёритувчи чизмалар, ўқувчилар билимини мустаҳкамлашга қаратилган саволлар, тест топшириқлари, мустақил ўқиш учун тавсия этилган адабиётлар рўйхати тақдим этилган.

Китоб тақдимотида Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги Давлат сиёсати ва давлат бошқарув академияси профессори Озод Ҳусанов, Тошкент давлат юридик университети профессори Говҳержан Юлдашева, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси профессори Алимжон Матчанов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари – юридик фанлар доктори Ўткир Очилов ҳамда юридик фанлар номзоди Фарҳод Ҳайитбоев ушбу ўқув қўлланма бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ўқув қўлланмада янги таҳрирдаги Конституциямиз мамлакатимиз стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб берганлиги ва уни ишлаб чиқишда ўзбек давлатчилиги ривожланишининг бой тарихий йўли, конституциявий қурилишнинг замонавий ғоялари, халқаро умумэътироф этилган умуминсоний тамойиллар ҳамда жаҳондаги илғор конституциявий тажриба ҳисобга олинганлиги тўғрисида маълумот берилди.

Анжуман якунида БМТ ва Фридрих Эберт фонди ҳамда Миллий марказ ҳамкорлигида чоп этилган юридик адабиётлар тўплами Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига, вилоятлардаги ахборот-кутубхона марказларига 700 га яқин, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти кутубхоналарига 200 тадан ортиқ инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар тақдим этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech