Ирқий камситишга барҳам бериш ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш
Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Тошкент давлат юридик университетида “Ирқий камситишга барҳам бериш ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Маълумки, 2025 йилда халқаро ҳамжамият томонидан Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 60 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Бунда конвенциянинг асосий аҳамиятини таъкидлаш ҳамда бугунги кунда юзага келаётган камситишларни олдини олиш ва унга қарши курашдаги муаммоларни ҳал қилиш учун самарали ва инновацион амалиётлар бўйича кенг қамровли кампания олиб бориш муҳим ҳисобланади.
Шу билан бирга, БМТнинг Ирқий камситишни тугатиш қўмитаси иштирокчи давлатлар, давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни конвенциянинг 60 йиллик санасини нишонлаш юзасидан тадбирлар, нашрлар ва бошқа ташаббуслар орқали ҳисса қўшишга чақирмоқда.
Марказ томонидан мазкур конвенция қабул қилинганлигининг 60 йиллигини Ўзбекистон Республикасида кенг нишонлаш мақсадида Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 60 йиллигини нишонлашга бағишланган тадбирлар дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Тошкент давлат юридик университети Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасида “БМТнинг Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциясининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури” доирасида ташкил этилган анжуманда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар иштирок этди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасида Ирқий камситишнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларининг амалга оширилиши масалалари, юртимиз ва бошқа мамлакатларда ирқий тенглик соҳасидаги эришилган ютуқлар, ирқий камситишга қарши курашнинг қисқача тарихий ретроспективлари, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда таълим ва маданиятнинг ўрни, Ўзбекистонда ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенцияни амалга оширишдаги муаммолар ва истиқболлар муҳокама қилинди.
Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош мутахассиси Х.Холмаматов “Ўзбекистон Республикасида ирқий камситишнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларини амалга оширилиши масалалари” мавзусида маъруза билан иштирок этди. Дурбан декларацияси ва Ҳаракатлар дастурининг ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилгани алоҳида қайд этилди. Ушбу декларация ирқчилик, ирқий камситиш, ксенофобия ва у билан боғлиқ тоқатсизликка қарши курашда муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, иштирокчилар мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим муассасаларида бағрикенглик мавзусидаги машғулотларни кучайтириш, оммавий ахборот воситалари орқали ахборот кампанияларини ташкил этиш ва ёшлар ўртасида кўп маданиятлилик ғояларини кенг тарғиб қилиш зарурлигини таъкидлади.
Анжуманда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасида мамлакатимиз томонидан миллий ва халқаро даражада амалга оширилаётган ишлар ҳақида аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида мақолалар тайёрлаш ва чоп этишга келишиб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский