“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: ўқув қўлланма” китоби тақдимоти ўтказилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Инсон ҳуқуқлари уйи”да академик A.Саидов ва юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) К.Хўжамованинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: ўқув қўлланма” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган ушбу маърифий анжуман Гулистон давлат университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев ушбу ўқув қўлланмада касб-ҳунар коллежлари, техникум ва академик лицейлар ўқувчилари учун янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш бўйича керакли барча ўқув-методик материаллар жамланганини таъкидлади.  

Қўлланмадан маъруза матни, мавзу мазмунини ёритувчи чизмалар, ўқувчилар билимини мустаҳкамлашга қаратилган саволлар, тест топшириқлари, мустақил ўқиш учун тавсия этилган адабиётлар рўйхати ўрин олган.  

Давлат сиёсати ва давлат бошқарув академияси профессори Озод Ҳусанов, ТДЮУ профессори Гавҳаржон Йўлдошева, ИИВ академияси профессори Олимжон Матчанов, Миллий марказ вакиллари – юридик фанлар доктори Ўткир Очилов ҳамда юридик фанлар номзоди Фарҳод Ҳайитбоев ушбу ўқув қўлланма бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимиз стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб бергани ва уни ишлаб чиқишда ўзбек давлатчилиги ривожланишининг бой тарихий йўли, конституциявий қурилишнинг замонавий ғоялари, халқаро умумэътироф этилган умуминсоний тамойиллар ҳамда жаҳондаги илғор конституциявий тажриба ҳисобга олингани қайд этилди.  

Анжуман якунида БМТ ва Фридрих Эберт жамғармаси ҳамда Миллий марказ ҳамкорлигида чоп этилган юридик адабиётлар тўплами Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига, вилоятлардаги ахборот-кутубхона марказларига 700 га яқин, шунингдек, ФВВ академияси ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институти кутубхоналарига 200 дан ортиқ инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар тақдим этилди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, ФВВ академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси вакиллари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидаги юридик техникум ва ИИВ ҳузуридаги академик лицей талабалари, шунингдек, педагоглар, докторантлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбир вилоятлар ахборот-кутубхона марказлари вакиллари учун онлайн намойиш этилди.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech