“ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЖУРНАЛИСТИКАСИ” МАВЗУСИДА ҲУҚУҚИЙ ЎҚУВ ДАРСИ
2025 йил 19 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти томонидан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида “Инсон ҳуқуқлари журналистикаси” мавзусида ҳуқуқий ўқув дарси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури доирасида ўтказилган ушбу маънавий-маърифий тадбирда филология фанлари номзоди, доцент Латофат Тошмуҳаммедова ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррири ўринбосари Азизбек Рамазонов маъруза қилди.
Маърузада Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қабул қилиниши, мазмуни, инсон ҳуқуқларига доир халқаро ҳуқуқий нормаларнинг янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларида ифодаланиши, давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий ирода ва изчил, тизимли саъй-ҳаракатлари билан “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий-демократик ислоҳотларнинг натижалари тўғрисида талабаларга батафсил маълумот берилди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва журналистика соҳаларининг ўзаро алоқадорлиги, инсон ҳуқуқлари журналистикасига хос хусусиятлар, инсон ҳуқуқлари бўйича журналистик материал тайёрлаш талаблари ва қоидалари, матн таҳрири тамойиллари, муҳаррирлик касбининг масъулияти ҳақида ҳам маърузачилар томонидан қизиқарли мушоҳадалар билдирилди.
Инсон ҳуқуқлари журналистикаси деганда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муносабатлар ва ҳодисаларни ёритувчи, жамиятда инсон ҳуқуқлари таъминланишига эришиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби мақсадларга хизмат қилувчи журналистика йўналиши тушунилади.
Инсон ҳуқуқлари журналистикаси журналистика ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳаларининг ўзаро алоқадорлиги натижасида шаклланган бўлиб, ушбу соҳаларнинг вобасталиги қуйидагиларда намоён бўлади:
биринчидан, журналист шахс сифатида ўзи эга бўлган ҳуқуқларни билиши, шунингдек, журналистик фаолиятда жамият аъзоларининг ҳуқуқларини бузмаслиги зарур;
иккинчидан, журналистика соҳасида инсон ҳуқуқларига амал қилиш ҳар бир журналистик материалнинг юқори профессионал даражада тайёрланишини таъминлайди, шунингдек, журналистнинг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлашга хизмат қилади;
учинчидан, журналистика соҳаси инсон ҳуқуқларини тарғиб этиш ва шу орқали жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳисса қўшади;
тўртинчидан, журналистика соҳаси инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантиришга таъсир кўрсатади;
бешинчидан, журналистика жамиятдаги инсон ҳуқуқларига оид муаммоларни ҳамда ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ёритиш орқали жамоатчилик назоратини амалга оширади ҳамда жамиятда инсон ҳуқуқлари таъминланиши ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бартараф этилишига ҳисса қўшади.
Инсон ҳуқуқлари журналистикасининг профессионал фаолият сифатида шаклланиши ва ривожланиши 1948 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилиниши билан бевосита боғлиқ. Декларациянинг универсал характерга эга экани ушбу ҳужжат дунёнинг деярли барча давлатларида қабул қилиниб, давлатларнинг миллий қонунчилигига татбиқ этилишига сабаб бўлган. Натижада оммавий ахборот воситаларида инсон ҳуқуқлари мавзусига доир материаллар кўпайиб, ушбу йўналишдаги материалларни илмий асосда ўрганиш зарурати вужудга келган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ёритувчи журналистларни қўллаб-қувватлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, инсон ҳуқуқлари бўйича профессионал журналистларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, журналистик текширувларнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот тарқатиш бўйича оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада кучайтириш, журналистлар ва блогерларнинг ахборот олиш ҳамда тарқатишга бўлган ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясида устувор йўналишлар қаторида қайд этилган.
Ҳуқуқий ўқув дарси якунида илмий-адабий китоблар ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналлари тўплами Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ўзбек тили ва адабиёти кафедраси кутубхонасига совға қилинди.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
Ўзбекча
English
Русский