Ўзбекистонда конституциявий кафолатлар: мутаносиблик, тенглик ва адолат принциплари

20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида шу мавзуда республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллигига бағишланди.

Конференцияни Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, профессор Мирзаюсуф Рустамбоев очди.

Илмий-амалий конференцияда давлат бошқаруви органлари, суд-ҳуқуқ тизими вакиллари, илмий тадқиқот муассасалари олимлари, юридик олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ҳуқуқшунос мутахассислар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларида конституциявий нормаларнинг аҳамиятини чуқур таҳлил қилдилар. Айниқса, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган мутаносиблик, тенглик ва адолат принциплари амалиётда қандай қўлланилаётгани, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларнинг кафолатланиши, қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар самаралари атрофлича муҳокама қилинди.

Конференцияда бир қатор асосий масалалар кўриб чиқилди. Бу ўринда, хусусан:

  • конституциявий нормаларнинг амалий ҳаётга татбиқ этилиши ва уларнинг ҳуқуқни қўллаш жараёнига таъсири;

  • тенглик ва дискриминацияга йўл қўймаслик механизмларини такомиллаштириш;

  • жиноий, маъмурий ва фуқаролик қонунчилигида мутаносиблик тамойилининг қўлланилиш тажрибаси;

  • адолатли ва ошкора суд тизимини шакллантиришда конституцявий кафолатларнинг ўрни;

  • инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат органларининг масъулияти ва фуқаролик жамиятининг иштироки мавзуларида кенг фикр алмашилгани ҳақида сўз бормоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалалари қўмитаси аъзоси, доцент  Зафар Худойбердиев “Янги таҳрирдаги Конституция: инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашнинг кафолати сифатида”; Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси, доцент Муҳтабар Ҳусанова “Янги Ўзбекистон  Конституцияси замонавий қонун ижодкорлигини ташкил этишнинг ҳуқуқий асоси”; Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи, доцент Ўткир Очилов “Конституция ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар бажарилишининг миллий механизми”; Жамоат хавфсизлиги университети профессори Даврон Аҳмедов “Ўзбекистон Конституциясида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда адолат меъёрларининг замонавий талқини”; Тошкент давлат юридик университети профессори Азизжон Йўлдошев “Демократик ислоҳотлар шароитида халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини ташкил этиш истиқболлари” мавзуларида маъруза қилдилар.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш, конституциявий принципларга асосланган бошқарувни янада такомиллаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, ушбу йўналишдаги илмий изланишлар натижалари ва амалий таклифларни давлат дастурларига татбиқ этиш бўйича тавсиялар қабул қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech