Ҳуқуқдаги тарқоқлик ва уни бартараф этиш муаммолари

20 ноябрь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтган XV Халқаро қиёсий ҳуқуқшунослик конгресси айни шу мавзуга бағишланди. Анъанавий халқаро илмий-ҳуқуқий анжуман Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқшунослик институти томонидан ташкил этилди.

Халқаро қиёсий ҳуқуқшунослик конгрессини Россия Федерацияси Ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқшунослик институти директори, Россия Фанлар академияси президентининг ўринбосари,  Россия Фанлар академияси ижтимоий фанлар бўлимининг академик-котиби, Россия Фанлар академиясининг академиги, юридик фанлар доктори, профессор, Халқаро қиёсий ҳуқуқ академиясининг ҳақиқий аъзоси, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган фан арбоби, Татаристон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Талия Хабриева кириш сўзи билан очди.

Тадбирда Россия Федерацияси, Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Эрон, Хитой ва бошқа мамлакатларнинг нуфузли олимлари ҳамда давлат арбоблари иштирок этади.

Конгрессда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Россия Фанлар академиясининг хорижий аъзоси Акмал Саидов қатнашди ва сўзга чиқди. Таниқли ўзбек ҳуқуқшунос олими “Ҳуқуқнинг парчаланиши ва қиёсий ҳуқуқшуносликдаги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатлар” мавзусида маъруза қилди.

Сўзга чиққанлар бугунги кунда ҳуқуқий маконнинг ривожланиши тарқоқлик ва парчаланиш тенденцияси билан тавсифланаётганига эътиборни қаратдилар. Бундай омил, шубҳасиз, маълум даражада ижобий аҳамиятга эга. Бироқ, айни пайтда, бу ҳодиса бир қатор салбий оқибатларга ҳам олиб келмоқда, жумладан, ҳуқуқий массивнинг узуқ-юлуқлиги, бир хил эмаслиги, тарқоқлиги ва ноаниқлигига сабаб бўлмоқда.

Қиёсий ҳуқуқшуносларнинг фикрича, ҳуқуққа хос салбий маънодаги парчаланиш қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг самарадорлиги ҳамда сифатини пасайтиради, шунингдек, коррупцияга шароит яратувчи омил бўлиши мумкин. Бинобарин, парчаланиш миллий ҳуқуққа ҳам, халқаро ҳуқуққа ҳам бирдек хос хусусиятдир.

Конгресс якунида иштирокчилар ҳуқуқдаги салбий парчаланиш муаммосини ҳал қилиш йўлларини атрофлича муҳокама қилдилар. Ҳуқуқдаги ижобий парчаланиш шароитида ҳуқуқий маконни ривожлантириш йўналишлари юзасидан илмий-амалий тавсиялар билдирилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech