Ўзбекистон Президенти Конституциямизнинг 33 йиллигини нишонлаш юзасидан фармойиш чиқарди

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2025 йил 21 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишини имзолади.

Бундан мақсад, расмий ҳужжат муқаддимасида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўттиз уч йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, фуқароларни унда белгиланган эзгу қадриятлар атрофида бирлаштириш, “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий ҳамда бошқа тадбирларни самарали ташкил этишдир.

Фармойишга мувофиқ, биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури, иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.

Ташкилий қўмитага, жумладан:

  • Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг самарали бажарилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда кўтаринки руҳда нишонланишини;

  • барча ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, бадиий кечалар, фестиваллар, сайиллар, маданият ва спорт тадбирларини юқори савияда ўтказиш мақсадида атоқли илм-фан намояндалари, маданият ва санъат арбоблари, кекса ва ёш авлод вакиллари, таниқли спортчиларни жалб этган ҳолда байрам тадбирлари амалга оширилишини таъминлаш вазифалари юкланди.

Жойларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамини янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик руҳига ҳамоҳанг тарзда нишонлаш мақсадида:

а) янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги, инсон қадри, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик каби эзгу ғояларнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ўз аксини топаётганини кўрсатиб бериш;

б) янги таҳрирдаги Конституциянинг иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни мустаҳкамлашдаги ўрни ва ролини ёритиш;

в) “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини, янги таҳрирдаги Конституция асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида мутлақо янги босқичга ўтилганлигини очиб бериш;

г) янги таҳрирдаги Конституциянинг тадбиркорлик ва хусусий мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлашсоғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш бўйича янгидан-янги ютуқлар ва натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратиб берганини кенг жамоатчиликка тушунтириш;

д) нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик, болалик ва оталикни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш;

ж) Конституция байрами арафасида умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида барча ўқувчи ва талабаларни қамраб олган ҳолда Конституция дарсларини, шу жумладан, атоқли ҳуқуқшунослар, олимлар, суд, адлия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбар ва ходимлари иштирокида ўтказиш масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги белгиланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech