Барқарор тараққиётга эришиш истиқболлари – ҳуқуқшунос олимлар муҳокамасида
20 ноябрь куни Москва шаҳрида "Цивилизациянинг барқарор тараққиёти йўлида: ҳамкорлик, илм-фан, таълим, технологиялар. МДҲ мамлакатларининг БРМнинг 17 та мақсадига эришиш йўли: комплекс ёндашув" мавзусида IV Халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Анъанавий илмий анжуман Россия халқлар дўстлиги университети томонидан ўтказилди.
Конференцияда халқаро ташкилотлар, давлат органлари вакиллари ва илмий ҳамжамият намояндалари – жами 200 дан ортиқ мутахассис иштирок этди.
Илмий-назарий мунозараларда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ўзида жамлаган 17 та мақсадга эришиш борасидаги амалий ишлар муҳокама қилинди. МДҲ мамлакатларининг бу борадаги кенг қамровли илмий, таълим ва ижтимоий лойиҳалари тақдим этилди.
Халқаро илмий анжуманнинг "Истиқболдаги ҳуқуқий институтлар: рақамлаштириш, таълим ва МДҲ доирасидаги халқаро ҳамкорлик" номли сессиясида Барқарор ривожланишнинг 16 ва 17-мақсадлари кўриб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Россия Фанлар академиясининг хорижий аъзоси Акмал Саидов "БРМ – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг асоси: Ўзбекистон тажрибаси" мавзусида маъруза қилди. Маъруза халқаро конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Халқаро илмий конференция доирасида академик А. Саидовнинг Патрис Лумумба номидаги Россия халқлар дўстлиги университети Юридик институти директори, профессор Аслан Абашидзе билан учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқот асносида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Конференция ишида, шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакиллари ҳам иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский