Миллий марказ вакиллари Қашқадарёда аҳоли мурожаатларини тинглади
Жорий ҳафтада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими масъул ходимлари Қашқадарё вилояти Китоб ва Яккабоғ туманларида аҳоли билан учрашувлар ўтказди.
Ушбу жонли мулоқотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарори билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисида”ги Низом талаблари ва Миллий марказнинг иш режаси доирасида ташкил этилди.
Учрашувлар, хусусан, Китоб тумани ҳокимлиги, туман адлия бўлими ва “Обод”, “Нурафшон”, “Мустақиллик” МФЙда, шунингдек, Яккабоғ тумани адлия бўлими биносида, “Фаровонлик”, “Хўжаилғор” МФЙда бўлиб ўтди. Мулоқотларда маҳаллий давлат ҳокимияти, адлия бўлими, маҳалла фуқаролар йиғини ва бошқа ташкилотларнинг масъул ходимлари ҳамда 70 нафардан ортиқ фуқаро қатнашди.
Учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликнинг моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Ушбу қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашга ва назорат қилишга масъул идоралар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти бўйича тушунчалар берилди.
Шундан сўнг, фуқаролар билан сайёр қабул ташкил этилди. Сайёр қабул жараёнида бир гуруҳ фуқароларнинг турли масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди ва уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Отабек Норбоев,
Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг
мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи
Ўзбекча
English
Русский