Покистон ОАВ: Янги Ўзбекистон "давлат – халқ учун" тамойилига қатъий амал қилиб, глобал ўзгаришларнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда
ИСЛОМОБОД, 25 ноябрь. /"Дунё" АА/. Покистоннинг "Election Times" ва "News Network Pakistan" электрон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидовнинг "Янги Ўзбекистон: инсон қадри устувор, ижтимоий адолат таъминланган жамият сари" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 4-6 ноябрь кунлари Доҳада бўлиб ўтган Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммитидаги маърузасида илгари сурилган муҳим ташаббуслар чуқур таҳлил қилинган. Муаллиф таъкидига кўра, тобора ортиб бораётган тенгсизлик, демографик ўзгаришлар, жадал технологик ва экологик янгиланишлар шароитида Бутунжаҳон саммити глобал мулоқот ва ҳамкорликдаги ҳаракатлар учун ғоят муҳим майдон яратди.
"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон Доҳа саммитида сўзга чиқиб, глобал ижтимоий адолат ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор таклиф ва ташаббусларни тақдим этди, – деб ёзилган мақолада. – Ўзбекистон раҳбарининг нутқида таъкидланганидек, "Бугунги кунда ижтимоий фаровонликни таъминлаш, аҳоли турмушини яхшилаш борасида дунё ҳамжамияти ва миллий ҳукуматлар биргаликда ҳаракат қилаётгани эътиборга моликдир. Ўзбекистон барқарор тараққиёт сари барча халқаро ҳамкорлик форматлари ва ташаббусларини доим қўллаб-қувватлайди".
Нашрда, шунингдек, Янги Ўзбекистонда "Инсон қадр-қиммати – олий қадрият" деган устувор тамойил қарор топаётган, ижтимоий адолат, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини самарали ҳимоя қилиш таъминланаётган жамият барпо этилаётгани алоҳида урғуланган.
Дунёда мураккаб ижтимоий-иқтисодий жараёнлар юз бераётган ва ўзаро ишончсизлик ортиб бораётган шароитда Ўзбекистон Президенти глобал ижтимоий сиёсатни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор янги ташаббус ва таклифларни илгари сурди.
Глобал ижтимоий адолат фондини таъсис этиш, Ижтимоий масъулият ва муносиб меҳнат бўйича глобал ташаббусни ишлаб чиқиш, Ўзбекистонда очлик ва қашшоқликка қарши кураш бўйича Глобал альянс саммитини ўтказиш ва таълим масаласини кун тартибидаги асосий масала сифатида белгилаш, Ўзбекистонда Мигрантлар ва уларнинг оилаларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича халқаро форум ўтказиш ва Глобал дастур қабул қилиш, БМТ резолюцияси билан экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилинган Оролбўйи минтақасида Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг янги моделини ишга тушириш каби ташаббуслар шулар жумласидандир.
"Ўзбекистон Президенти яна бир бор "Халқаро тараққиёт йўлида ижтимоий келишувни янгилаш, ҳар бир инсон учун муносиб ҳаёт тарзини яратиш" зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистон саммитда қабул қилинган Доҳа сиёсий декларациясини тўлиқ қўллаб-қувватлади ва уни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди", – дейилади манбада.
Академик Акмал Саидов ёзганидек, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида ижтимоий давлат принципи мустаҳкамланди. Хусусан, Асосий қонуннинг 43-моддасида давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаши, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиши, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши, фуқароларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши белгилаб қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя бўйича асосий вазифалар ҳамда чора-тадбирлар Ўзбекистон қонунчилик ва давлат стратегияларида мустаҳкам ўз аксини топган. Жумладан, "Камбағалликдан фаровонликка умуммиллий дастури муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ушбу фаолиятни юритиш мақсадида, илгари 6 та давлат ташкилотига юклатилган ваколатларни бирлаштириш асосида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва "Инсон" ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилди.
"Муҳими, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясига мувофиқ, 2026 йилга келиб камбағаллик даражасини 2022 йилга нисбатан икки бараварга камайтириш, 2030 йилга бориб эса камбағалликка тушиш хавфи остида бўлган 4,5 миллион кишининг даромадини ошириш ва ижтимоий шериклик асосида 500 минг нафар малакали мутахассис тайёрлаш режалаштирилган. Дунёга тобора очилаётган, жадал ижтимоий ислоҳотлар йўлидан бораётган Янги Ўзбекистон "давлат – халқ учун" тамойилига қатъий амал қилиб, глобал ўзгаришларнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда", – деб ёзади Покистон ОАВ.
Ўзбекча
English
Русский