Ўзбек ҳуқуқшунослик мактаби намояндаси хотирланди

25 ноябрь куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таниқли ҳуқуқшунос олим, педагог ва жамоат арбоби Абдулҳай Мўминов хотирасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадбирда марҳум олимнинг илмий мероси ва миллий ҳуқуқ таълимига қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида сўз юритилиб, инсоний фазилатлари ёд этилди.

Давра суҳбатига Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Одил Юсупжонов модераторлик қилди.

Мулоқот аввалида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидовнинг иштирокчиларга йўллаган видеомурожаати намойиш этилди.

Тадбирда олимнинг оила аъзолари, яқин дўстлари, ҳамкасблари, устозлари ҳамда ҳуқуқ соҳаси вакиллари иштирок этди. Тошкент давлат юридик университети профессори Ҳайдарали Юнусов,  Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари профессор Мирзатилло Тиллабоев,  профессорлар Бобоқул Тошев, Гавҳар Юлдашева ва бошқалар Абдулҳай Мўминов билан боғлиқ хотираларини эсга олиб, олимнинг илм-фанга қўшган катта ҳиссаси ҳақида атрофлича тўхталдилар.

 Сўзга чиққанлар эътироф этганларидек, Абдулҳай Мўминов – Ўзбекистон ҳуқуқшунослик мактабининг етук вакили, халқаро ҳуқуқ фанининг институционал ривожига салмоқли ҳисса қўшган олимлардан саналади. У инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим стандартларини яратиш, илмий тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида катта тажрибага эга эди.

  

   

А. Мўминов 1997–2018 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ЮНЕСКОнинг “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, доценти ва кафедра мудири, 2018–2020 йилларда эса Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Халқаро шартномалар имплементацияси” бўлими раҳбари лавозимларида ишлаган. Унинг раҳбарлигида кафедра халқаро стандартларга мос илмий-тадқиқот марказига айланиб, ўқув дастурлари янгиланган, ёш олимлар тайёрлаш мактаби шаклланган. Янада муҳими, ЮНЕСКО, БМТ, Европа Иттифоқи каби халқаро тузилмалар билан самарали ҳамкорлик жорий қилинган.

А. Мўминов Тошкент давлат юридик университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Халқаро исломшунослик академиясида ҳам дарс берган. Унинг муаллифлигидаги “Халқаро ҳуқуқ”, “Инсон ҳуқуқлари”, “Халқаро ташкилотлар ҳуқуқи”, “Халқаро шартномалар ҳуқуқи” каби дарсликлар  ҳозиргача асосий илмий-услубий манба сифатида қўлланмоқда.

Олимнинг ташаббуси асосида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан Oksford, Lund, Uppsala, Jorj Vashington университетлари ўртасида ҳамкорлик дастурлари йўлга қўйилган. Бу, ўз навбатида, ўнлаб талаба ва мутахассисларнинг халқаро амалиёт негизида малака оширишига замин яратди.

А. Мўминов 100 дан ортиқ илмий асар муаллифи ҳамдир. У 2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Тадбир сўнгида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети масъулларига амалиётда фойдаланиш учун 250дан ортиқ инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар жамланмаси тақдим этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech