Инсон ҳуқуқлари ва ирқий тенглик

27 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда айни шу масалаларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги ҳамда Ирқий камситишга барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг 60 йиллигини нишонлаш доирасида ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари профессор Мирзатилла Тиллабоев ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институти директори, доцент Мурод Турғунов тадбир аввалида сўзга чиқиб, Ўзбекистон Президенти 2025 йил 21 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишни имзолаганини таъкидладилар.

Мазкур фармойишда “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган шиор мазмун-моҳиятини кенг ёритиш, янги таҳрирдаги Конституция асосида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида эришилаётган натижаларни аҳолига етказиш муҳим вазифа сифатида қайд этилган.

Анжуманда ирқий тенгликни таъминлаш, бу борадаги халқаро стандартларни амалга ошириш ва миллий тажрибани янада такомиллаштириш масалалари юзасидан маърузалар тингланди. Жумладан:

  • Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев – “Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан ирқий тенглик бўйича амалга оширилган ишлар” мавзусида;

  • Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита бўлими бoшлиғи, профессор Саодат Давлатова – “Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва ирқий тенглик соҳасидаги тажрибаси” мавзусида;

  • Давлат ва ҳуқуқ институти бўлим бошлиғи профессор Джурабай Ташқулов – “Туркиянинг амалдаги Конституциясида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари” мавзусида;

  • Тошкент давлат юридик университети профессори Муаттара Раҳимова – “Ўзбекистонда ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш: муаммолар ва истиқболлар” мавзусида маъруза қилди.

Тадбирда Миллий марказ билан Давлат ва ҳуқуқ институти докторантлари, амалиётчилари ҳамда масъул ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбати қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди. Ирқий камситишга оид стереотиплар ҳақида иштирокчилар берган саволларга мутахассислар батафсил жавоблар қайтарди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech