Конституция қўлланмаси тақдимоти бўлиб ўтди

Гулистон давлат университетида академик Акмал Саидов муаллифлигида чоп этилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: ўқув қўлланма” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда устозлар, талаба-ёшлар ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ мутасаддилари қатнашди.

Конституция мазмуни талабалар ва педагоглар учун содда ва тушунарли тарзда ёритилган бўлиб, қўлланма амалий дарслик вазифасини бажаради. Китобда илмий ва амалий ёндашув уйғунлаштирилиб, қонунчилик ҳаётий мисоллар ва тавсиялар орқали шарҳлангани боис, унинг амалиётдаги қўлланиш имкониятлари кенгайтирилган.

Тадбирни университетнинг ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қозим Қудратов олиб борди. У нутқида Конституция қонунчилигининг аҳамияти ва уни кенг жамоатчиликка етказишда бундай қўлланмаларнинг ўрни катта эканини таъкидлади.

Тақдимотда университет профессори Равшанбек Маҳмудов, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифат бўлими бошлиғи Фарҳод Ҳайитбоев, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бошлиғи Ўткирбек Очилов, Ахборот-ресурс мультимедиа бўлими бошлиғи Ҳамидулла Мўминов, директор ёрдамчиси Аҳрор Турдибеков ҳамда университет ёшлар етакчиси Ёрқинжон Ҳайитбоевлар ўз фикрларини билдиришди. Спикерлар қўлланманинг амалиётдаги аҳамияти ва унинг талабалар ҳамда педагоглар учун фойдаланиш имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтишди.

Тадбирда таъкидланишича, қўлланма Конституциянинг янги таҳририни чуқур англашга хизмат қилади, ҳуқуқий саводхонликни оширишда муҳим манба ҳисобланади. Шунингдек, китоб илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва таълим жараёнида фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратади.

Университет Ахборот-ресурс марказига 250 дона китоб тақдим этилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech