Вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлиги янада либераллаштирилди

2025 йил 24 октябрда кучга кирган “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилди.

Тошкент шаҳар судининг судьяси Ҳамид Шамшиев бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашди:

– Ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсни судланмаган деб ҳисоблашнинг алоҳида тартибини белгилаш зарурияти юзага келгани учун мазкур қонун қабул қилинди. 

Қонун билан Жиноят кодексига ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланишини, вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Жиноят кодексининг 77, 841 ва 85-моддаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 77-модда 6-қисм билан, яъни “Ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун тайинланган жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган ҳисобланади, бундан ўта оғир жиноятлар ёки содир этган жинояти учун тайинланган жазони ўтаб бўлганидан кейин ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар қасддан янги жиноят содир этиш ҳоллари мустасно”, деб тўлдирилди.

841-модда “Озодликни чеклаш вояга етмаган маҳкумларга нисбатан асосий жазо чораси сифатида бир ойдан икки йилгача муддатга тайинланади”, деб белгиланди, яъни муқаддам жазо 6 ойдан бошланган бўлса, энди 1 ойдан бошланади. 

85-модда “Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси бир ойдан ўн йилгача муддатга тайинланади, ушбу кодекс 86-моддасининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно”, деб белгиланди, яъни муқаддам жазо 6 ойдан бошланган бўлса, энди 1 ойдан бошланади.      

Қонунчиликдаги янги нормалар вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштирди. Ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда давом эттириш учун шароит яратди.

Норгул Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech