ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ ХОТИРАСИГА ЭҲТИРОМ

2025 йил 12 декабрь куни Тошкент шаҳрида қирғиз халқининг буюк адиби, жаҳон адабиётининг ёрқин намояндаларидан бири Чингиз Айтматов таваллудининг 97 йиллигига бағишланган хотира тадбири ташкил этилди. Унда Қирғиз Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дуйшонкул Чотонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистондаги Қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Раҳматилла Жабборов, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари, айтматовшунос олимлар, ёзувчи, шоир ва таржимонлар иштирок этди.

Тадбир аввалида иштирокчилар Тошкентдаги Чингиз Айтматов монументи пойига гул қўйиб, улуғ адиб хотирасига ҳурмат кўрсатишди. Шундан сўнг, олимлар, ижодкорлар ва жамоатчилик фаоллари Чингиз Айтматов ҳаёти ҳамда ижоди тўғрисида фикр-мулоҳаза билдиришди.

 Ўзбек китобхонларининг энг севимли ёзувчиларидан бири, деярли барча қисса ва романлари ўзбек тилига таржима қилинган адиб Чингиз Айтматов 1928 йилда Қирғизистоннинг Талас вилояти Шакар қишлоғида таваллуд топган. У 1953 йилда Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги институтини, 1958 йилда Москвадаги Олий адабиёт курсини тамомлаган. 1952 йилда матбуотда қирғиз тилида битилган илк ҳикоялари эълон қилинган.

Ёзувчининг “Жамила” (1958), “Сарвқомат дилбарим” (1961), “Биринчи муаллим” (1962), “Алвидо, Гулсари” (1966), “Оқ кема” (1970), “Асрга татигулик кун” (1980), “Қиёмат” (1986), “Кассандра тамғаси” (1996), “Тоғлар қулаганда” (2006) каби қисса ва романлари жаҳон адабиётининг дурдона асарлари сифатида эътироф этилади.

Чингиз Айтматов ижодий фаолият билан бир қаторда давлат ва жамоат арбоби, зукко дипломат сифатида ҳам шуҳрат қозонган. У ўн беш йил давомида Бельгия, Люксембург, Нидерландия, Францияда Қирғизистон элчиси, шунингдек, ЮНЕСКО, Европа Иттифоқи ва НАТО вакили бўлиб хизмат қилган. Чингиз Айтматов кўплаб миллий, халқаро ҳамда хорижий давлатлар мукофотлари билан тақдирланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” (1995), “Буюк хизматлари учун” (1998) орденлари билан мукофотланган. Қирғизистон Республикасида Чингиз Айтматов номидаги Халқаро “Олтин медаль” мукофоти таъсис этилган (1999).

Ўзбек халқининг садоқатли дўсти бўлган буюк адиб Чингиз Айтматов  2008 йил 10 июнда вафот этган ва Бишкек шаҳри яқинидаги “Ота-Бейит” тарихий-мемориал мажмуасида дафн этилган.

Адиб таваллудининг 97 йиллигига бағишланган хотира тадбири Чингиз Айтматов ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик тимсолига айланганини яна бир бор намоён этди.

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech