Марказий Осиёда Гендер Зўравонлигига Барҳам Бериш Йўлида Бирлашув: Альянснинг Йиллик Минтақавий Форуми бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида гендер асосидаги зўравонликка барҳам беришга қаратилган Марказий Осиё Альянсининг навбатдаги йиллик минтақавий форуми бўлиб ўтди. Ушбу муҳим тадбир Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Марказий Осиё Альянси ҳамда БМТнинг “Аёллар” тузилмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан 50 дан ортиқ иштирокчи — давлат идоралари вакиллари, фуқаролик жамияти фаоллари, халқаро экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари қатнашмоқда. Мулоқот майдонининг мазмуни минтақада гендер зўравонлигининг олдини олиш, унга қарши самарали чоралар кўриш ҳамда заиф тоифадаги аёлларни ҳимоя қилиш бўйича амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Тадбирни очиб берган Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова ўз нутқида гендер зўравонлигига қарши курашни бутун Марказий Осиё учун умумий мақсад ва умумий жавобгарлик эканини таъкидлади:

“Бугун биз умумий мақсад — ҳаётимиздан зўравонликни бутунлай бартараф этиш ва ҳар бир аёл ҳамда ҳар бир бола ўзини хавфсиз ҳис қиладиган келажакни барпо этиш йўлида бирлашганмиз. Гендер зўравонлиги — бу умумий муаммо, умумий жавобгарликдир.”

Зулайҳо Махкамова ўз чиқишида Марказий Осиёда шаклланаётган Альянс платформасининг аҳамияти йилдан-йилга ортиб бораётганини қайд этди. Ушбу платформа минтақа давлатлари ўртасида яқин ҳамкорлик, тажриба алмашинуви, қонунчилик ва институционал механизмларни уйғунлаштиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

“Марказий Осиёда ҳукуматлар ва ҳамкорлар муҳим қадамлар ташлади: янги қонунлар қабул қилинди, хизматлар мустаҳкамланди, профилактикага инвестициялар қилинди ва маълумот тўплаш тизимлари яхшиланди. Форум муаммоларни ҳал этиш бўйича умумий мажбурият ва аниқ далилларга асосланган очиқ мулоқот учун имконият яратади. Гендерга асосланган зўравонликни барҳам топтириш комплекс ва кўп секторли ёндашувларни талаб қилади, — деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Др. Сабина Маҳл.

Ўзбекистонда гендер тенглиги ва зўравонликдан ҳимоя бўйича тизимли ислоҳотлар

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги ҳамда имкониятларини кенгайтириш борасида изчил давлат сиёсати амалга оширилмоқда. Жумладан:

  • Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 561-сонли Қонун;

  • Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 562-сонли Қонун;

  • Ҳимоя ордерлари амалиётининг кенг жорий этилиши;

  • Маҳаллаларда хотин-қизлар муаммоларини манзилли ҳал этишга қаратилган тизимли ёндашувнинг шакллантирилиши.

Фактлар шуни кўрсатадики, ўтган йил натижаларига кўра минглаб хотин-қизлар ҳимоя ордерлари билан таъминланди, уларнинг ҳуқуқлари тикланди, тегишли психологик, тиббий ва юридик ёрдамлар кўрсатилди.

Бундан ташқари, “Зўравонликка қарши 16 кун” глобал кампанияси доирасида бу йил мамлакатимизда “Аёллар ва қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик” шиори остида кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Рақамли зўравонлик — минтақа олдидаги янги чақириқ

Форум доирасидаги асосий мавзулардан бири замонавий таҳдид — рақамли зўравонлик масаласидир. Онлайн маконда аёллар ва қизларга нисбатан кибербуллйинг, шахсий маълумотларни тарқатиш, таҳдид ва тазйиқ, сохта аккаунтлар орқали шаънига путур етказиш каби ҳодисалар кузатилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон бу борада қуйидаги чора-тадбирларни йўлга қўймоқда:

  • рақамли гигиена ва интернет хавфсизлиги бўйича ўқув дастурлари,

  • оила ва таълим муассасаларида профилактик тренинглар,

  • ота-оналар ва педагоглар учун методик кўмак,

  • “зўравонликка нисбатан мутлақо муросасизлик” тамойилини жамоатчилик онгида мустаҳкамлаш.

Минтақавий ҳамкорлик — барқарор натижанинг асоси

Марказий Осиё давлатларининг гендер зўравонлигига қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлиги изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Альянс доирасида:

  • қўшма ташаббуслар ишлаб чиқилди,

  • фаол тажриба алмашинуви амалга оширилди,

  • 2026 йил учун устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Мамлакатлар ўртасидаги бундай уйғун ёндашув минтақада хавфсиз, фаровон ва зўравонликдан холи жамият барпо этиш учун муҳим омилдир.

Тошкентда ўтган Марказий Осиё Альянсининг йиллик форуми — бу минтақа давлатларининг гендер зўравонлигига қарши курашда бирдамлик, масъулият ва қатъий ирода билан олдинга интилаётганининг ёрқин далилидир. Анеан ушбу ҳамкорлик аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва жамиятда тенг имкониятлар яратиш йўлида янги босқичларни белгилаб бермоқда.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси форум ташкилотчилари, халқаро ҳамкорлар ва барча иштирокчиларга миннатдорлик билдиради ҳамда Марказий Осиёда зўравонликсиз келажакни яратиш йўлида доимий ҳамкорликка тайёр эканини яна бир бор таъкидлайди.

 

Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech