Пекин+30: Гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини кенгайтириш

12 декабрь куни Тошкент шаҳрида Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллиги муносабати билан айни мавзуда Миллий форум ўтказилди. Тадбир Олий Мажлис Сенати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Форумда давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбир гендер тенглик, аёллар ҳуқуқлари ва янги давр чақириқлари юзасидан миллий мулоқот майдонига айланди.

Очилиш маросимида Сенат Қўмитаси раиси О. Қозихонова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари У. Абдуллаева  ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори А. Саидов сўзга чиқди.

Академик А. Саидов Форум иштирокчиларини қутлар экан, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Мамлакатимизда гендер сиёсати соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараларига тўхталди.

Пекин декларацияси аёллар ҳуқуқларини глобал даражада илгари сурган муҳим халқаро ҳужжатлардан бири бўлиб, бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Ўзбекистон ушбу тамойилларга содиқ бўлиб, мамлакатда сўнгги йилларда аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий иштирокини кенгайтиришга қаратилган чуқур тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Бугунги кунда аёлларнинг давлат бошқаруви, парламент ва бизнес соҳаларида ўсиб бораётган улуши, рақамли иқтисодиётда фаол иштироки ҳамда аёллар тадбиркорлиги учун кўп имкониятлар яратилган.

Тадбирда, шунингдек, 1325-сонли “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” резолюциясининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистоннинг мазкур йўналишдаги мажбуриятлари ва амалий ютуқлари ҳақида сўз борди. Можароларнинг олдини олиш, тинчликни таъминлаш ва хавфсизлик тизимларида аёлларнинг иштирокини кучайтириш, миллий ҳаракатлар режаси орқали давлат идоралари ва фуқаролик жамияти ўртасида самарали ҳамкорлик механизмлари шаклланаётгани қайд этилди.

Форум давомида Пекин+30 кун тартибининг асосий йўналишларига бағишланган ялпи сессиялар бўлиб ўтди. Сессияларда қарорлар қабул қилишда аёллар иштироки, зўравонликнинг олдини олиш, аёлларнинг иқтисодий барқарорлиги, рақамли трансформация жараёнида аёлларни қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва хавфсизлик сиёсатида гендер ёндашувни кучайтириш ҳамда иқлим адолатини таъминлаш мавзулари муҳокама қилинди. Иштирокчилар гендер тенгликни таъминлаш йўлида мавжуд муаммолар, уларнинг ечими ва янги ташаббуслар бўйича фикр алмашдилар.

Тадбирда аёлларнинг сиёсат ва давлат бошқарувида фаоллигини ошириш, зўравонликка қарши тизимли чораларни кучайтириш, аёллар учун иқтисодий имкониятларни кенгайтириш, шунингдек, рақамли саводхонлик ва IT соҳасига киришни қўллаб-қувватлаш бўйича янги таклифлар илгари сурилди. Иқлим ўзгариши шароитида аёллар ролини кучайтиришга қаратилган таклиф ва стратегиялар масаласи ҳам форумнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди.

Миллий форум якунида Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси доирасида гендер тенглик соҳасида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилинди ва келгуси йилларга мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, иштирокчилар томонидан янги лойиҳалар ва ташаббусларни йўлга қўйиш, гендер сезгир сиёсатни янада кучайтириш ҳамда миллий платформанинг барқарор фаолиятини таъминлаш вазифалари ғоят долзарб ҳамда муҳимлиги қайд этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech