Конституция ва декларация: Инсон ҳуқуқларини олий қадриятга айлантирган ҳужжатлар (+видео)

Пойтахтимизда “Ўзбекистон Конституцияси ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси: ўзаро уйғунлик ва мувофиқлик” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда сенаторлар, депутатлар, Болалар омбудсмани, суд, прокуратура, ички ишлар ва адлия вазирликлари масъул ходимлари, олимлар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий координатори билан  ҳамкорликда ташкил этилган тадбир Ўзбекистон Конституцияси ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган саналарга бағишланди.

Омбудсман Феруза Эшматова бошқарган мажлисда Конституция Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгилаб берилган асосий принциплар – инсон қадрининг олий қиймат сифатида эътироф этилиши, тенглик, адолат ва эркинликлар кафолатларини ўзида тўла акс эттиргани алоҳида таъкидланди. 

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам айнан шу тамойилларга таянади: инсон қадрини юксалтириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, аҳолининг заиф қатламлари манфаатларини таъминлаш ва ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш давлатнинг устувор вазифаси сифатида белгиланган. 

Мамлакатимиздаги ҳуқуқий тизим ва ижтимоий сиёсатнинг стратегик йўналишлари инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан уйғун ҳолда ривожланиб, фуқаролар фаровонлиги ва адолатни таъминлашга қаратилмоқда. 

– Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Ўзбекистон Конституциясининг бир-бири билан боғлиқ жиҳатларини муҳокама қилдик, – деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Антти Карттунен. – Мен Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти координатори сифатида бу мавзунинг жуда муҳим эканини таъкидлаб ўтмоқчиман. Ушбу икки муҳим ҳужжатга назар солар эканмиз, ундаги инсон ҳуқуқларини ҳимоялашга оид тамойилларни тўлақонли ҳаётга татбиқ этиш бўйича кўп иш қилишимиз кераклиги ойдинлашади. Бундай тадбир Омбудсман институти биносида ўтказилганида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Тадбир давомида ўзаро ҳамкорликни давом эттириш бўйича фикр алмашдик. Омбудсманнинг ҳудудий бўлинмалари, жамоатчилик кенгаши билан ҳимояга муҳтож гуруҳлар, махсус муҳофазага эҳтиёжи бор шахсларга кўмак бериш ишлари давом эттирилади. 

Тадбирда олий таълим муассасалари билан инсон ҳуқуқлари соҳасида кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва талабаларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Шу муносабат билан Омбудсман ҳамда учта олий таълим муассасаси – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент “International” университети ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди. 

Ушбу ҳужжатлар инсон ҳуқуқлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, талаба ва профессор-ўқитувчилар учун амалий тажриба майдончаларини яратиш, қонунчилик ва ҳуқуқий таълим йўналишларида қўшма лойиҳалар амалга оширишга хизмат қилади.

Н.Абдураимова,

А.Алижонов (расм), Н.Абдувоитов (видео), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech